Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрида содир бўлган ЙТҲда уч нафар Россия фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) матбуот хизматига таяниб, 24.kg агентлиги хабар берди.
Бахтсиз ҳодиса 26 июлга ўтар кечаси содир бўлган. Hyundai SantaFe кроссовери реклама деворига бориб урилган. Kloop.kg хабарига кўра, машина 150 км/соат тезликда ҳаракатланаётган бўлган. Йўл полицияси ҳайдовчи бошқарувни йўқотган деб тахмин қилмоқда. Тез ёрдам келгунига қадар машинадаги уч киши вафот этган.
Kabar агентлиги маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар 1976, 1982 ва 1986 йилларда туғилган россияликлар.
Россиянинг Ўшдаги бош консуллиги россияликларнинг ўлимини тасдиқлади.
«Россия чегара қўшинларининг ҳукуматлараро келишув асосида Қирғизистон ҳудудида жойлашган ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлди», — деб хабар беради ТАСС Бош консуллик вакили (Россия ФХХнинг Қирғизистондаги тезкор чегара гуруҳининг идораси Ўш шаҳрида жойлашган) сўзларини келтирган ҳолда.
Бош консуллик ҳозирда ҳалок бўлганлар жасадларини Россияга жўнатиш қарори кўриб чиқилаётганини қўшимча қилди.