Равшан Эрматов Россия футбол иттифоқига ишга олинди

Равшан Эрматов. sports.ru сайти фотосурати

Ўзбекистон футбол ассосиасияси (ЎФА) биринчи вице-президенти, дунёнинг энг яхши ҳакамларидан бири Равшан Эрматов Россия футбол иттифоқи (РФИ) президенти ҳузуридаги Эксперт ҳакамлар комиссияси (ЭҲК) таркибига қўшилди. Бу ҳақда РФИнинг расмий сайти хабар берди.

Эрматов ЭҲК амалдаги таркибининг тўққизинчи аъзоси бўлди. Ундан ташқари комиссия таркибига РФИ ҳакамлар бўлими бошлиғи Павел Каманцев, Сергей Зуев, Александр Гвардис, Николай Иванов, Сергей Фурса, Николай Левников, Олег Соколов ва Эдуард Малий ҳам киритилган.

Эрматов ЎФАдаги ўз лавозимини сақлаб қоладими ёки йўқми, ҳозирча аниқланмаган. Эрматовнинг икки давлатда лавозим эгаллаши ўзбек футболи ривожига динамика қўшадими ёки йўқ, бу ҳам номаълум.

Равшан Эрматов 2003 йилдан бери FIFA рефериси. Беш марта Осиё Футбол Конфедерациясининг (ОФК) энг яхши ҳаками деб топилган. 2015 йилда у Globe soccer awards мукофотларини (энг яхши ҳакам) қўлга киритди. У учта жаҳон чемпионати (2010, 2014, 2018), учта Осиё кубоги (2011, 2015, 2019), Олимпия ўйинлари (2012) ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида (2008) ишлаган. Эрматов жаҳон чемпионатида якунланган ўйинлар сони бўйича рекордчи (11 та) ҳисобланади.

2019 йил июнь ойида Эрматов ЎФА биринчи вице-президенти вазифасини бажарувчиси этиб тайинланган эди. Бу лавозимда у Умид Аҳмаджоновни алмаштирди. 2020 йил февраль ойида у Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари лавозимини эгаллади. 2021 йил апрель ойида Эрматов вазир ўринбосари лавозимидан истеъфога чиққани ва республика олимпия қўмитаси вице-президенти лавозимига тайинлангани ҳақида маълумот пайдо бўлган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди