Россия Адлия вазирлиги 2007 йили чоп этилган олтита асосий сунний ҳадислар тўпламидан бири бўлмиш «Саҳиҳ ал-Бухорий»ни экстремистик материаллар рўйхатига киритди.
«Коммерсант» нашрининг аниқлик киритишича, «Саҳиҳ ал-Бухорий» тўпламини экстремистик деб тан олиш тўғрисидаги қарор 2021 йил декабрида Татаристоннинг Лаишевский суди томонидан қабул қилинган, жорий йилнинг 5 июлида эса Татаристон Олий суди томонидан тасдиқланган. Тўплам 29 август куни экстремистик материаллар рўйхатига киритилган.
Адлия вазирлиги сайтида Абдулла Нирш томонидан араб тилидан таржима қилинган тўпламнинг бешинчи нашри экстремистик деб топилгани маълум қилинган. Унинг тўлиқ номланиши қуйидагича:
«Саҳиҳ ал-Бухорий» (Қисқа изоҳ) «Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаётларидан саҳиҳ ҳадислар: Имом Абу ал-Аббос Аҳмад бин Абд ал-Латиф аз-Зубайдий «Саҳиҳ тўплам» ҳадисларининг аниқ баёнини тузган, араб тилидан Абдулла Нирш таржимаси, 5-нашр, тузатилган, М .: Умма, 2007, 960 бет (босма нашр №4), Қуръон суралари, оятларидан ташқари.
Таъкидлаш жоиз, Россияда «Саҳиҳ ал-Бухорий» тўпламининг рус тилидаги бошқа нашрлари ҳам мавжуд бўлиб, уларни РФ Адлия вазирлиги экстремистик материаллар рўйхатига киритмаган.
«Саҳиҳ ал-Бухорий» IХ асрда яшаб ўтган ислом оламининг буюк олими Муҳаммад ал-Бухорий томонидан тузилган. Айрим илоҳиётчилар бу тўпламни муқаддас Қуръондан кейинги энг саҳиҳ китоб деб билишади.
Муҳаммад ал-Бухорий 810 йили Эрондан кўчиб келганлар оиласида туғилган. Имом бўлгач, у тез-тез фитналар қурбони бўлган. Шу сабабли у тўрт марта Бухородан бадарға қилинган. Бухорони тўртинчи марта тарк этиб, Хартанг қишлоғига (Самарқанд яқинидаги) қариндошлариникига боради. У ерда имом 870 йили 60 ёшида вафот этган.
Вафотидан кейин Ал-Бухорийнинг ҳадислар тўплами суннийлар орасида кенг тарқалган. 16 асрда Шайбонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида имом қабри устида биринчи ёдгорлик мажмуаси қурилган бўлиб, унинг таркибига кичик мақбара ва жума масжиди кирган. Шу билан бирга, мақбара ёнига чинорлар ўтқазилган, уларни ҳозир ҳам замонавий мажмуа ҳудудида кўриш мумкин.
Кичик қўшимчалар ва қайта қурилган мажмуа 20 аср бошларигача сақланиб қолган. Ўрта Осиёда совет ҳокимияти ўрнатилиши билан ислом илоҳиётчиси мақбарасидаги масжидда хизмат қилиш тақиқланади. Қаровсиз қолдирилган мақбара ва масжид бу орада нурай бошлайди ва 1950 йилларнинг ўрталарига келиб вайронага айланади.
1997 йили Имом ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги (қамарий тақвим бўйича) арафасида мустақил Ўзбекистон ҳукумати буюк дин арбоби қабрида янги ёдгорлик мажмуасини барпо этишга қарор қилди.
Унинг қурилиши 1998 йил октябрь ойида якунланди. Айни пайтда ёдгорлик мажмуаси реконструкция қилиниб, 8 минг кишига мўлжалланган муҳташам масжид барпо этилмоқда. Таъмирлаш ишлари 2023 йили якунланиши керак.