Қирғизистонда давлат рамзлари – герб, мадҳия ва байроқни ўзгартириш зарур. Бу ҳақда депутат Арсланбек Малиев парламент йиғилишида маълум қилди, деб ёзади 24.kg ахборот агентлиги.
Унинг сўзларига кўра, гербга қарасангиз, шунчаки гўзал суратни кўришингиз мумкин. «Тарихга мурожаат қиладиган бўлсак, бизнинг ўз ҳарфларимиз бор, уларнинг энг яхшиси қирғизча «Ң» ҳарфидир. Қирғизистоннинг ҳозирги байроғи Совет парламенти томонидан қабул қилинган. Қирғизистон байроғининг ҳақиқий ранги кўк рангдир. Буюк қирғиз халқининг байроғи Манасдагидек кўк рангда бўлиши керак», — дейди Малиев.
Мадҳия борасида у «Қирғиз жери» асарини ишлатишни таклиф қилади.
«Бу қўшиқ ҳаммага маълум. Биз матнни бироз ўзгартиришимиз мумкин. Кейин рамзларимизни янгилаб, тарихга мурожаат қиламиз ва ҳақиқий қирғиз рамзларидан фойдаланамиз», — дея қўшимча қилади депутат.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда тегишли қонун лойиҳалари тайёрланмоқда, улар яқин кунларда муҳокамага қўйилади.
Қирғизистонда байроқ ранги ва мадҳияни ўзгартириш биринчи марта муҳокама қилинаётгани йўқ. 2011 йили парламент фракциялари депутатлари, шунингдек, жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия мадҳия матнидаги 5-6 та сўз ноаниқ эшитилади ва уларни янада жўшқинроқ сўзлар билан алмаштириш керак, деган хулосага келган эди. Давлат байроғига келсак, бир гуруҳ парламент аъзолари қизил ранг қон ва тажовуз билан боғлиқлигини таъкидлаганлар.
Депутат Абдраҳмон Маматалиев, жумладан, амалдаги байроқ «қон тўкилиши ва тўнтаришлар манбаи» эканини (охиргиси роппа-роса икки йил аввал мамлакатда бўлган) таъкидлайди. Шу билан бир қаторда, муқобил сифатида тинчликни ифодаловчи очиқ кўк ранг таклиф қилинган.