Бишкекнинг Первомайский туман суди 25 октябрь куни Ўш вилоятидаги Кампир-Обод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан йигирма нафар фаолни икки ой муддатга ҳибсга олди. Бу ҳақда Kaktus.Media хабар берди.
Президентнинг Талас вилоятидаги собиқ вакили Айбек Бусурманқулов, Жалолобод вилоятининг собиқ ҳокими Бектур Асанов, МСК собиқ аъзоси Гулнора Жўрабоева, парламент собиқ депутати Кубаничбек Қодиров, Хавфсизлик кенгаши собиқ котиби Кенешбек Дуйшебаев, Турон партияси раҳбари Жениш Молдокматов, Конституциявий суднинг собиқ судяси Клара Сооронқулова, ҳуқуқ ҳимоячиси Рита Карасартова, фаоллар Таалаибек Мадеминов, Эрлан Бекчороев, Улукбек Маматаев, Перизат Суранова, Нурлан Асанбоев ва бошқалар Бишкекнинг биринчи ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Собиқ депутат Қанат Исаев бир ой муддатга СИЗО-1га юборилди. Судга тез ёрдам машинасида олиб келинган фаол Талант Эшалиев (инфарктолди ҳолатида бўлгани учун) уй қамоғига олинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 сентябрь куни Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациялари Кампир-Обод сув омбори яқинидаги чегарани белгилаш бўйича янги шартнома лойиҳасига доир баённомани имзолаган эди. Бироқ ҳужжатнинг мазмуни эълон қилинмаган. 29 сентябрь куни Ўш вилоятининг Ўзган туманида митинг бўлиб ўтади, унда иштирокчилар сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишидан хавотир билдириб, расмийлардан имзоланган протокол юзасидан тушунтиришни талаб қилишади.
4 октябрь куни президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев сув омбори муаммоси юзасидан маҳаллий аҳоли билан учрашди. Хабар берганимиздек, тадбир иштирокчиларида анжуманни ташкил этганларга нисбатан шикоятлар бўлган, бундан ташқари, уларнинг ҳаммаси ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб ололмаган.
10 октябрь куни Қамчибек Ташиев мамлакатлар ўртасида имзоланган келишувдан сўнг Қирғизистонга Кампиробод сув омбори остидан 19 699 гектар, Ўзбекистонга 4 485 гектар ер тегишини айтди.
«Илгари Кампиробод тўғонига фақат Ўзбекистон эгалик қиларди. Энди қўшма бошқарув бўлади: Қирғизистон ва Ўзбекистондан тўрт киши. 70 йил давомида сувдан фойдаланиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон мустақил равишда қабул қилган. Энди Қирғизистон фуқаролари сувдан бепул фойдаланиш имкониятига эга бўладилар: улар ерларни, чорва молларини суғориш, балиқ тутиш ва ҳатто сувни насос билан тортиб олиш имкониятига эга бўладилар. Ўзбекистон муҳандислик иншоотларини ўрнатолмайди», — деб тушунтирди Ташиев.
Бироқ, сув омборини Ўзбекистонга бериш қарори қирғиз халқининг норозилигига сабаб бўлди. Хусусан, Ўзган аҳолиси ўз норозилигини намойиш қилган ҳолда Кампиробод яқинидаги Қизил-Октябрь қишлоғида ўтовларни ўрнатган, аммо 6 октябрга ўтар кечаси милиция ходимлари уларни бузиб ташлаган.
22 октябрда Бишкекда «Кампир-Ободни ҳимоя қилиш қўмитаси» тузилди. Унинг таркибига фаоллар, сиёсатчилар ва парламент аъзоси кирди. Эртаси куни қўмитанинг кўплаб аъзоларининг уйларида тинтув ўтказилган, 20 дан ортиқ киши ҳибсга олинган.
Кампиробод сув омбори 1983 йили Ўш вилоятининг Қора-Сув ва Ўзган туманлари ҳудудида қурилган. Бу Ўзбекистон билан чегарадаги баҳсли ҳудудлардан бири ҳисобланади. Ўтган йил баҳорида томонлар барча баҳсли ҳудудлар бўйича келишиб олишга муваффақ бўлганини маълум қилганди. Шунингдек, Кампиробод (Ўзбекистонда Андижон деб аталади) сув омбори ҳам лойиҳада акс этган. Тўғонни Ўзбекистон ҳудудида қолдиришга қарор қилинган, агар икки давлат сув омборининг сув ресурсларини биргаликда тасарруф қилса, Ўзбекистон томони эса унинг косаси атрофида иншоотлар ўрнатмаслик мажбуриятини олади (яъни маҳаллий аҳоли сувдан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлмайди).