Қирғизистон оммавий ахборот воситалари расмийлардан «журналистларни обрўсизлантириш кампаниясини» тўхтатишни талаб қилди

28 октябрь куни Қирғизистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари таъсисчилари ва бош муҳаррирлари Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаров, Жогорку Кенеш (мамлакат парламенти), Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев, Бош прокурор Қурманқул Зулушев, Ички ишлар вазири Улан Ниёзбеков, Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Олтинбек Мақсутовга мурожаат қилдилар.

Мурожаат матни, хусусан, Kaktus нашри томонидан эълон қилинган.

«Сўнгги пайтларда Қирғизистонда мустақил журналистлар ва оммавий ахборот воситаларига нисбатан мисли кўрилмаган босимлар кузатилмоқда: жиноий ишлар очилмоқда, маълумот олиш имконияти чекланган, сўз эркинлигини чекловчи қонунлар қабул қилинмоқда», — дейилади мурожаатда.

«Журналистларни обрўсизлантириш учун уюштирилган ва режалаштирилган кампания олиб борилмоқда. Мустақил оммавий ахборот воситаларини ёпиш талаби билан митинглар ва имзо тўплашлар бошланган. Таҳририятларни ёқиб юбориш, матбуот вакилларига таъсир ўтказишнинг бошқа ноқонуний усулларини қўллаш ҳаракатларида очиқ таҳдидлар мавжуд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эса бундай фактларга муносабат билдирмаяпти.

Президент маъмурияти «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди ва жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди. У 96% Россия Федерациясининг шунга ўхшаш қонунидан кўчирилган. Шу билан бирга, баъзи қоидалар янада кескинлаштирилган. Медиа ташкилотлари ҳуқуқшунослари агар ҳужжат ҳозир тақдим этилган шаклда қабул қилинса, Қирғизистон сўз эркинлиги билан аввало ОАВ, кейин эса блогерлар ва интернет фойдаланувчилари билан хайрлашиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Маданият вазирлиги Гулшат Асилбоева ташаббуси билан бир йил аввал қонунбузарликлар билан қабул қилинган «Нотўғри (ёлғон) маълумотлардан ҳимояланиш тўғрисида»ги қонунни қўллашни бошлади. Ҳуқуқшунослар таъкидлашича, бу қонун «ажабтовур»дир, зеро унда ваколатли орган, яъни Маданият вазирлигига қонуний суд қарорисиз, ҳеч қандай тортишувларсиз мустақил оммавий ахборот воситаларини ўзбошимчалик билан блокировка қилиш имкони берилган. Аллақачон учта оммавий ахборот воситалари — Respublica, 24.kg ва Azattyk Media унинг таъсири остида қолган.

Яна камида учта таниқли мустақил интернет-ресурслар — Kaktus.media, Kloop.kg ва Factcheck.kg» яқин келажакда блокланиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар бор», — деб ёзади мурожаат муаллифлари.

Қирғизистон ОАВ таъсисчилари ва бош муҳаррирлари давлат раҳбари Садир Жапаровдан матбуот хизмати ва президент маъмурияти мутасаддилари иштирокисиз улар билан учрашишни сўради.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари мамлакат раҳбариятига қуйидагиларни таклиф қилишди:

«Азаттик» веб-сайтини блокировка қилиш қарори бекор қилинсин.

Шикоятларни кўриб чиқишни ва бошқа оммавий ахборот воситаларини блоклашни тўхтатиб туриш.

Журналистларга нисбатан асоссиз ва ноқонуний жиноят ишларини тўхтатиш.

«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасини қайтариб олиш.

Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини муҳокама қилиш учун ваколат берилган оммавий ахборот воситалари (Журналистлар мустақил уюшмаси, «Журналистлар» нодавлат ташкилоти ва таҳририят раҳбарлари) иштирокида ишчи гуруҳ тузиш.

Жогорку Кенешга: депутатлар Жанар Акаев, Адахан Мадумаров, Элмурза Сатибалдиев, Гуля Кожоқулова, Дастан Бекешев, Сеид Атамбоев ва Чингиз Атамбоев томонидан таклиф этилган собиқ депутат Гулшат Асилбаеванинг «Нотўғри (ёлғон) маълумотлардан ҳимояланиш тўғрисида»ги қонунига ўзгартиришлар киритиш масаласи кўриб чиқилсин.

Мурожаат қуйидаги шахслар томонидан имзоланган:

Дина Маслова, «ПроМедиа Плюс» жамоат фонди раҳбари (Kaktus.media, Kaktus.kg, Bilesinbi.kg асосчиси) Махинур Ниёзова, «24.kg» ахборот агентлиги бош муҳаррири.

Аизада Касмалиева, «Азаттик» Медиа муҳаррири.

Анна Капушенко, Kloop.kg

Али Токтақунов, MediaHub раҳбари.

Болот Темиров,TemirovLive раҳбари.

Нургул Абдикеримова, «Оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш маркази» жамоат фонди директори (Faсtcheck.kg асосчиси).

Таалай Дуишенбиев, Арча Медиа, Некст ТВ.

Қайиргул Урумканова, Govori.TV раҳбари.

Жанибек Деркембаев, ТРC Т-Медиа Груп бош директори.

Дилбар Алимова, ПолитКлиника нашри муҳаррири.

Семетей Аманбеков, Bulak.kg раҳбари.

Гладис Темирчиева, Vesti.kg раҳбари.

Лейла Саралаева, «Янги юзлар» раҳбари.

Равшан Личаню, TV1.kg бош продюсери.

Дмитрий Ложников, «Апрель» бош муҳаррири.

Ярослав Тартиков, Factcheck.kg муҳаррири.

Нуржамал Джанибекова, «Башта» газетаси бош муҳаррири.

Олжобай Шокир, «Айт Айт Десе» муҳаррири.

Азамат Ишенбеков, «Айт Айт Десе» муҳаррири.

Улан Усоюн, «Баштан Башта».

Нурдин Дуйшенбеков, «Журналистлар» нодавлат ташкилоти раиси.

Тамара Валиева, Қирғизистон Медиа Ҳаракат платформаси раиси.

* * *

Мурожаатни имзолаган барча оммавий ахборот воситалари таҳририятлари 28 октябрь куни эрталаб ҳукумат сиёсатига норозилик белгиси сифатида уч соат давомида янгиликлар ва ҳукумат матбуот релизларини чоп этишни тўхтатди.

Қирғизистон ҳукумати сўз эркинлиги бўйича сўнгги тазйиқлар фонида оммавий ахборот воситаларини назорат қилиш ва цензура қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирмоқда, дея бугун Human Rights Watch ҳам эътироф қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ