Қирғизистон ўз фуқароларини ишга жойлаштириш бўйича еттита араб давлати билан келишиб олди

Шарномани имзолаш маросими. Марказда - Кудайберген Базарбаев. Kabar.kg сайти фотосурати

Қирғизистон фуқаролари Форс кўрфазининг еттита давлатида ишлаш имконига эга бўладилар. Бу ҳақда «Кабар» агентлиги Қирғизистон Республикаси Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлиги раҳбари Кудайберген Базарбаевга таяниб хабар беради.

«Вазирлик ва Форс кўрфази мамлакатлари манфаатларини ифодаловчи хусусий компания ўртасида фуқароларимизни Саудия Арабистони, Баҳрайн, Уммон, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Қувайт ва Иорданияда қонуний ишга жойлаштириш бўйича келишув имзоланди», — деди Базарбоев ҳужжатларни имзолаш маросимида.

Вазирнинг сўзларига кўра, қирғизистонликлар бугун ушбу мамлакатларда мавжуд 815 та иш ўринлари учун ариза топширишлари мумкин. Танланган номзодларга бепул виза берилади, парвоз ва ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар тўланади.

Бўш иш ўринлари рўйхати билан Migrant.kg сайтида танишиш мумкин.

Иш берувчилар асосан меҳмонхона ва ресторанлар маъмурияти.

Уларга официантлар (400-1300 доллар иш ҳақи), барменлар (500-1000 доллар), баристалар (600-800 доллар) ва бошқа ходимлар керак. Араб мамлакатларида маникюр усталари (1300 доллар), визажистлар (1300 доллар), савдо ёрдамчилари (950 доллар), менежерлар (680-3200 доллар) ва бошқа мутахассислар ҳам қабул қилинади.

Аввалроқ, шу йилнинг июль ойида Қирғизистон ҳукумати Япония билан 300 дан ортиқ қирғизистонликларни ушбу мамлакат заводларида ишга жойлаштириш бўйича шартнома имзолаган эди.

«Идорамиз режали ишларни давом эттириб, янги ташқи меҳнат бозорларига кириб бормоқда. Фуқаролар Буюк Британияга жўнатилди, биз Корея билан фуқароларимизни мавсумий ишларга ишга жойлаштириш бўйича келишиб олдик. Бир қатор Европа мамлакатларида янги меҳнат бозорларига чиқиш муҳокама босқичида», — деганди ўша пайт Меҳнат вазирлиги қошидаги Фуқароларни хорижда иш билан таъминлаш маркази директори Кубандиқ Акматбеков.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, Жанубий Кореяда қирғизистонликлар 2007 йилдан бошлаб тизимли равишда иш билан таъминланган. Бу мамлакатга 15 йил давомида 5000 дан ортиқ одам ишлаш учун кетган ва ҳозирда у ерга EPS (бу Кореянинг ишга қабул қилиш тизими бўлиб, кичик ва ўрта корхоналарга хорижликлар учун ишлашга рухсат олиш имконини беради) дастури бўйича 1500 га яқин Қирғизистон фуқаролари келган. Уларнинг аксарияти озиқ-овқат, кимё ва қоғоз саноатида меҳнат қилади. Корея Республикасидаги меҳнат муҳожирларининг ўртача маоши 1800 долларни ташкил этади, турар жой ва овқатланиш харажатларини иш берувчи қоплайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ