3 ноябрь куни Бишкекда Ўзбекистон ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлари Андижон (Қирғизистонда Кампир-Обод деб аталади) сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни имзоладилар. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Владимир Норов (Ўзбекистон) ва Жээнбек Кулубаев (Қирғизистон) бошчилигидаги делегациялар сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раунди бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш қатори, юқоридагиларга қўшимча равишда бир қатор ҳужжатлар имзоланди:
✅ Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги келишув;
✅ Марказий Осиё халқаро институти ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик Академия ўртасида ҳамкорлик шартномаси;
✅ «Ўзархив» агентлиги ва Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми;
✅ Ташқи ишлар вазирларининг қўшма баёноти;
✅ Ўзбекистон ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2023-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги музокаралар «жуда қизғин ва самарали» бўлганини таъкидлади. Муҳокама қилинган кўплаб масалалар бўйича «ўзаро англашувга келингани, ҳар икки томон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда келишувларга эришилгани, айрим масалалар бўйича қўшимча ечимлар белгилангани» таъкидланди.
Кейин Владимир Норов Қирғизистон президенти Садир Жапаров томонидан қабул қилинди. Учрашувда, хусусан, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара тўғрисидаги келишув икки давлат манфаатларига жавоб бериши таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, Андижон/Кампир-Обод сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги келишув қирғиз халқининг норозилигига сабаб бўлганди. Ҳужжат матни эълон қилинмаган, бироқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев келишувга кўра, сув омбори остидаги 4485 гектар ер Ўзбекистонга берилганини маълум қилди. Бу қарордан норози бўлган қирғиз фаоллари ва сиёсатчилари «Кампирободни ҳимоя қилиш қўмитаси»ни туздилар. Эртаси куни кўплаб қўмита аъзоларининг уйлари тинтув қилинди, 20 дан ортиқ киши ҳибсга олинди, уларнинг аксарияти икки ойга ҳибсга олиниб, тергов изоляторига жўнатилди. Кейинроқ қўмита аъзолари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга сув омбори бўйича шартнома имзолашни кечиктиришга доир илтимос билан мурожаат қилдилар.