Сочидаги «Атомэкспо» форумида 22 ноябрь куни Россия ва Қирғизистон вакиллари тоғли республикада кам қувватли атом электр станциясини қуриш лойиҳасини дастлабки ўрганиш бўйича техник топшириқни имзоладилар. Бу ҳақда РИА Новости хабар беради.
Қирғизистон ҳудудида кам қувватли атом электр станцияларини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум жорий йилнинг январь ойида Дубайда бўлиб ўтган Бутунжаҳон «Экспо 2020» кўргазмаси доирасида Қирғизистон Энергетика вазирлиги ва «Росатом» корпорацияси ўртасида имзоланган эди. Ҳужжатда томонлар РИТМ-200Н реактор станцияси негизида атом электр станциясини қуришдан манфаатдор эканликларини қайд этгандилар.
«Қирғизистонда бундай атом электр станциясининг қурилиши нафақат мамлакатнинг энергетик мустақиллигига ҳисса қўшади, балки бутун Марказий Осиё минтақаси аҳолисининг турмуш сифати ва илмий-техник салоҳиятини ривожлантиришга ҳам таъсир қилади», — деганди ўшанда «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев.
Қирғизистон Энергетика вазири ўринбосари Тилек Айталиев «декарбонизация ва экологик тоза энергия манбаларини ривожлантириш ҳозирда глобал тенденция бўлиб, Қирғизистон бундан четда туришни истамайди», — деб тушунтирди.
Февраль ойида Қирғизистон Бош вазири Оқилбек Жапаров АЭС қуриш режаларини қўшни давлатларда ҳам шундай станциялар пайдо бўлаётгани билан оқлаган эди.
«Қўшни Хитой юзта АЭС қуриш ниятида, Беларусь қуради, Россия қурмоқда, президент Тўқаев айтганидек Қозоғистон ҳам қурмоқчи, Ўзбекистонда қурилиш бошланди. Бу бир кунлик масала эмас. Қурилиш цикли бошидан охиригача 50 дан 100 йилгача давом этади. Юқори қувватли реакторларга эга атом электр станциясини қурмасак ҳам, ҳеч бўлмаганда кам қувватли станцияни қуришимиз керак. Энергетика вазирлиги ва «Росатом» ўртасида ният келишуви имзоланди. Олимлар ва муҳандислар тайёрланиши керак. Бугун бўлмаса, эртага бутун дунёда атом электр станциялари қурилади. Биз бунга тайёр бўлишимиз керак», — деганди Жапаров.