2022 йили Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми товар ва хизматлар экспорти ҳажмидан ошган

Мамаризо Нурмуратов. Ўзбекистон МБ матбуот хизмати фотосурати

2022 йил якунига кўра Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилга нисбатан 2,1 баробарга ошиб, қарийб 17 миллиард долларга етди, деб хабар беради Марказий банк.

ℹ️ Ушбу рекорд миқдор ўтган йили 15 миллиард доллардан сал кўпроқни ташкил этган товар ва хизматлар экспорти ҳажмидан ошиб кетган (11 094 миллиард доллар — товарлар, 3 959,5 миллиард доллар — хизматлар).

26 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида регулятор раҳбари Мамаризо Нурмуратов пул ўтказмаларининг 85 фоизи, яъни 14,5 миллиард доллари Россиядан келганини таъкидлади.

Нурмуратовнинг тушунтиришича, олинган 17 миллиард долларнинг қарийб 12 миллиард доллари ички ялпи талабни шакллантиришга йўналтирилган, қолган маблағ Қирғизистон ва Тожикистон резидентларининг пул ўтказмалари бўлиб, улар ўз мамлакатларидаги валюта чекловлари фонида Ўзбекистонга пул ўтказишган ва уни нақд пул қилиб, ўзлари билан олиб кетишган, шунингдек Россияда нақд доллар тақчиллиги ва сезиларли курс фарқи туфайли экспортчилар ҳисоб-китоблар учун пул ўтказмалари тизимларидан фойдаланишга мажбур бўлишган.

Ўзбекистондан четга пул ўтказмалари ҳажми 29 фоизга ошиб, 2,1 миллиард долларни ташкил этган.

«Мамлакатлар контекстида сезиларли ўзгаришлар йўқ. Туркия, Хитой, Америка ва Ҳиндистон каби давлатларга пул ўтказмалари амалга оширилди. Бу савдо (Туркия, Хитой) ва тиббий мақсадлар (Ҳиндистон) билан боғлиқ», — деди Марказий банк раҳбари.

Банкларнинг аҳолидан валюта хариди ва аҳолига валюта сотуви ўртасидаги ижобий тафовут 2,9 млрд долларга тенг бўлган.

Бунда, аҳолининг валюта сотуви 11,9 млрд долларни ва аҳолининг валюта хариди 8,9 млрд долларни ташкил қилшган.

«Умуман олганда, мамлакатимизга валюта маблағлари кириши 2022 йилда 2021 йилга нисбатан 32 фоизга ортган бўлса, валюта чиқими – 22 фоизга ўсди ва ушбу вазият алмашув курсининг барқарор бўлишига ҳам ўз таъсирини кўрсатди (йиллик девальвация 3,9 фоизга тенг бўлди)», — дед хабар берди МБ.