Афғонистонда совуқдан ҳалок бўлганлар сони 170 нафарга етди

АФҒОНИСТОНДАГИ БОЛАЛАР ОЛОВ АТРОФИДА ИСИНИШМОҚДА, ҚОБУЛ. CNN САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Афғонистонда аномал совуқ қиш туфайли камида 170 киши вафот этган. Бу ҳақда «Синхуа» агентлиги Афғонистоннинг «Толибон»* томонидан тузилган ҳукуматдаги Табиий офатларга қарши кураш ва гуманитар ишлар вазирлигининг расмий вакили Шафиуллоҳ Раҳимийга (Shafiullah Rahimi) асосланиб хабар беради.

«Сўнгги уч ҳафтада мамлакатнинг 34 вилоятидан 24 тасида совуқдан жами 170 киши, жумладан, болалар ва аёллар ҳалок бўлди, яна 30 киши, хусусан, аёллар ва болалар ҳам жабр кўрди», — дейди Раҳимий.

Мулозимнинг сўзларига кўра, аномал об-ҳаво шароити туфайли 150 дан ортиқ турар-жой биноси вайрон бўлган, 80 минг бошдан ортиқ чорва моллари нобуд бўлган.

Афғонистонда сўнгги йиллардаги энг қаттиқ совуқли қишлардан бирини бошдан кечирмоқда. Январь ойи бошида ҳаво ҳарорати минус 28 даражагача тушиб кетди, бу ҳолат йилнинг шу давридаги ўртача кўрсаткичдан анча паст, яъни 0 дан 5 даражагача. Иқлимнинг салбий таъсири гуманитар инқироз билан кучаймоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, деярли 30 миллион киши (жами аҳоли тахминан 34 миллион киши) ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун ёрдамга ўта муҳтож.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).