Туркманистонда Ўзбекистонга газ етказиб бериш тўхтаб қолгани сабаб икки бош вазир ўринбосарини ишдан бўшатилди

Газ қувури. moscow-post.su сайти фотосурати

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов республика ёқилғи-энергетика комплексида бир қатор ўзгаришларни амалга оширди. Жумладан, Бош вазирнинг икки ўринбосари – нефть-газ комплексига раҳбарлик қилган Шоҳим Абдраҳмонов ҳамда электроэнергетика, қурилиш ва саноат масалалари бўйича масъул Чаримурод Пурчеков лавозимидан озод этилди.

Аввали президентнинг нефть ва газ масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келган Аширгули Беглиев Бош вазирнинг нефть ва газ саноатига масъул ўринбосари бўлди. Бош вазирнинг электр энергетика, қурилиш ва саноат масалалари бўйича ўринбосари лавозимига аввал Саноат ва қурилиш ишлаб чиқариши вазири лавозимида ишлаб келган Баймурод Аннамамедов тайинланди.

Neftegaz.ru нашри Туркманистон ёқилғи-энергетика комплексидаги ўзгаришларни «кутилган» ва жорий йил январь ойида «Галкиниш» конида юзага келган ва Ўзбекистонга газ етказиб беришда узилишларга олиб келган муаммолар билан боғлиқ деб ҳисоблайди. Бош прокуратура томонидан ўтказилган аудит шуни кўрсатдики, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қўшни республикага газ таъминоти тўхтаб қолган атиги олти кун давомида етказилган зарар миқдори 59,7 миллион долларни ташкил этган.

Газ таъминотидаги носозликлар туфайли аввалроқ «Туркмангаз»нинг олти нафар ходими, жумладан, Моддий-техника ресурслари ва жиҳозлар бошқармаси (УМТРиК) раҳбари Шоҳрат Аждаров ҳибсга олинган. «Туркменгазакдириш» («Туркментрансгаз») уюшмаси раҳбари Шоҳрат Чопанов ва «Туркмангаз» раҳбари Ботир Аманов Сердар Бердимуҳамедовдан қаттиқ танбеҳ олган.

Жорий йилнинг 12 январида Ўзбекистонга туркман газини етказиб бериш техник сабабларга кўра тўхтатилган эди: қаттиқ совуқ туфайли Туркманистондаги «Галканиш» газ конденсати конининг кон ичидаги коммуникацияларида гидрат ҳосил бўлган. Орадан бир неча кун ўтиб газ етказиб бериш қайта тикланган. Turkmen.news манбасининг айтишича, Тошкент Ашхободдан катта миқдорда пул компенсацияси талаб қилган, аммо якунда Ўзбекистон томони етказилган зарар эквиваленти ҳисобида суюлтирилган газ олишга кўндирилган. Бундан ташқари, Туркманистон Хитойга газ етказиб бермагани учун жаримага тортилиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ