Тожикистон ёшлар терма жамоаси мураббийси Ўзбекистонда Осиё кубогига доир ташкилий ишларни танқид қилди

Олег Кубарев. championat.asia сайти фотосурати

Футбол бўйича Тожикистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи беларуслик Олег Кубарев Осиё Кубоги ўтаётган Тошкентда ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида машғулот майдонлари сифати пастлигидан нолиди ва столларда сув етишмаслигидан ҳайратда қолди. Ушбу видео «Новости футбола» Telegram-каналида берилди.

Кубаревнинг фикрича, Ўзбекистондаги машғулот майдонлари терма жамоалар савияси ва турнир мақомига тўғри келмайди.

«Кўряпманки, бу ерда ажойиб стадионлар бор, лекин машғулот майдонлари ёмон аҳволда. Машғулотлар учун шароитлар жамоалар даражасига тўғри келмайди. Менимча, бундай майдонларда турнирга тайёргарлик кўриш нотўғри. Бу майдонлар хавфли. Ягона афзаллик шундаки, улар табиий. Ўйлайманки, ҳамма тенг шароитда. Демоқчиманки, тайёрланяпмиз», — деди Кубарев.

Шунингдек, тожиклар мураббийси матбуот марказидаги столларда сув йўқлигини қайд этди.

«Мен бу ерда ўттиз дақиқа йўл юрдим. Фақат хафа бўлманг, сув қўйилмаган матбуот анжуманига биринчи марта келишим. Ўзингиз хулоса чиқараверинг», — дея хулоса қилди беларуслик мутахассис.

Тожикистон терма жамоаси «С» гуруҳидан жой олди ва у ерда 3 март куни биринчи турда Иордания терма жамоаси билан баҳс олиб боради. Учрашув Тошкентдаги «Локомотив» стадионида бўлиб ўтади.

Футбол менежери, спорт эксперти Алишер Никимбаев ўзининг Телеграм-каналида қайд этганидек, миллий терма жамоа мураббийлари дастлабки кунларданоқ машғулот майдонлари сифатидан нолишяпти. Айни пайтда муаммодан турнир ташкилотчилари ҳам, Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ходимлари ҳам хабардор эди. Никимбаевнинг ОФК ходимлари ва маркетинг ҳамкори ходимларига таяниб ёзишича, ўтган йили Ўзбекистонда бўлиб ўтган U-23 Осиё кубоги муаммоларини ҳисобга олсак, республикада бўлажак қитъа турнирларини ўтказиш истиқболлари пессимистик кўринади.

Шу билан бирга, Никимбаевнинг аниқлик киритишича, ташкилотчиликка берилган салбий баҳолар Ўзбекистон энди қитъа мусобақаларига мезбонлик қилмайди, дегани эмас. ОФКда ёшлар, аёллар ёки футзал мусобақаларини ўтказишни ҳоҳловчи давлатлар кўп эмас.

1 мартдан 18 мартгача Тошкент ва Фарғона шаҳарлари стадионларида U-20 Осиё кубоги бўлиб ўтади. Турнирда 16 та жамоа тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этмоқда. Ҳар бир гуруҳдан иккита жамоа плей-офф босқичига чиқади. Энг яхши тўртта жамоа 2023 йили Индонезияда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўлланма олади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ