Украина фуқароси Қирғизистондан Беларусга экстрадиция қилинди

azattyk.org сайти фотосурати

Қирғизистон ҳукумати Украина фуқароси Владимир Кадарияни (у Андрей Ковалёв ҳам бўлади) Беларусга экстрадиция қилди. Бу ҳақда адвокат Автандил Алимжоновга асосланиб, Азаттик (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг қирғиз хизмати) хабар берди.

Алимжоновнинг сўзларига кўра, Владимир Кадария «4-март, шанба куни олиб кетилган».

Кадария — беларуслик Андрей Ковалёв, мухолифатдаги интернет-ресурснинг собиқ маъмури бўлган. 2009 йили у Беларусь Жиноят кодексининг 212-моддаси («Компьютер маълумотларини ўзгартириш орқали мулкни ўғирлаш») бўйича қидирувга берилганидан кейин Украинага қочиб ўтган.

2017 йили Ковалёв Украина ҳудудида қочқин мақомини, кейинчалик шу мамлакат фуқаролигини олган, фамилияси ва фамилиясини ўзгартириб, Владимир Кадария бўлган.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, Украина ва Беларусь ўртасидаги келишувга кўра, бир томон фуқаролиги олинган сана иккинчи томон фуқаролигининг тугатилган санаси ҳисобланади. Айни пайтда Қирғизистонда унга Беларусь фуқароси сифатида ёндошилган.

2022 йил августида Кадария Қирғизистонга келган, сентябрда эса Минск илтимосига кўра у икки ойга ҳибсга олинган. У тергов изоляторида бўлган чоғида Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлигига қочқин мақомини олиш учун ариза билан мурожаат қилган ва 9 декабрь куни тегишли гувоҳномани олган. Бироқ 12 декабрь куни Бишкекнинг Первомайский туман суди Бош прокуратуранинг аризасини қаноатлантириб, уни экстрадиция қилиш тўғрисида қарор чиқаради, 15 февраль куни шаҳар суди биринчи инстанция қарорини ўз кучида қолдиради.

27 февраль куни Кадария Қирғизистон президенти Садир Жапаровга экстрадиция қилинишига йўл қўймасликни сўраб мурожаат қилган. Мактубда у Беларусь ҳукумати уни сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилаётганини таъкидлаган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича вакили Фабио Пиана ва БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси вакили Ханс Фридрих Шоддер Бош прокуратурага мурожаатлар юборган. Улар Кадарияни экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарор Қирғизистон қўшилган Қочқинлар мақоми тўғрисидаги конвенцияни, шунингдек, қочқинлар билан боғлиқ миллий қонунчиликни бузаётганини таъкидлаб, Беларусь расмийларининг талабини қаноатлантирмасликка чақиришган.

Шуниси эътиборга лойиқки, Жапаровга қилинган мурожаатда Кадариянинг адвокати томонидан киритилган қуйидаги эслатма мавжуд:

«Буларнинг барчаси инсонни ҳайратга солади. Илгари Беларусь Республикасида яшаган шахс бу мамлакатни тарк этади ва қочқин мақомини олади, зеро у Беларусда сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётган эди, энди эса бизнинг жасур ҳукуматимиз уни ўша мамлакатга экстрадиция қилади. Қирғизистон Республикаси қатор жиноий ишлар бўйича айбдор деб топилган бир қатор шахсларни экстрадиция қилишни талаб қилган ва талаб қилишда давом этаётган бир пайтда Беларусь ҳукумати некбинлик билан бу шахслар жиноий эмас, сиёсий таъкибга учраётганини даъво қилаётгани ҳеч нарсани эслатмаяптими?».

Гап Беларусда бошпана топган Қирғизистон собиқ президенти Қурманбек Бакиев ва унинг узоқ муддатга сиртдан ҳукм қилинган яқинлари ҳақида кетмоқда.

Бунга ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ҳам эътибор қаратишди.

«2010 йилдан бери биз [Қирғизистон] нафақат Бакиевни, балки унинг оғир жиноятларда айбланган яқин шерикларини ҳам экстрадиция қилиш бўйича сўровлар юбориб келяпмиз. Уларнинг президенти: «Сиз уларни сиёсий сабабларга кўра жазоламоқчисиз», деб жавоб беради. Улар суд қарорларига қарамасдан ҳам сўралган шахсларни беришмаяпти. Яқинда президент айтдики, биз бу борада тўрт марта мурожаат қилган эканмиз. Аммо ўша давлат бизга бир марта мурожаат қилган ва биз шубҳали иш бўлишига қарамай, дарҳол сўралган одамни экстрадиция қилмоқчимиз. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат асосида қурилиши керак», — дейди таҳлилчи Руслан Акматбек.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ