Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахитжан Торегожина АҚШ Давлат департаменти мукофоти лауреати бўлди

Бахитжан Торегожина . Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахитжан Торегожина International Women of Courage (Халқаро жасоратли аёллар мукофоти) совриндори бўлди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Бахитжан Торегожина қарийб йигирма беш йилдан бери Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб, ўтган йил январь ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган тартибсизликлар пайтида инсон ҳуқуқлари бузилишини ҳужжатлаштирадиган ва қурбонларга ёрдам кўрсатувчи фуқаролик жамияти ташкилотларининг Qantar 2022 коалициясига раҳбарлик қилиб келади.

«Ўз фаолияти давомида Торегожина қийноқлар, шафқатсиз муносабат ва сиёсийлаштирилган репрессия қурбонлари манфаатларини фаол ҳимоя қилиб келди. У эътиқодини тинч йўл билан ифода этгани учун таъқибга учраган одамлар учун ишлаган ва кўплаб сиёсий маҳбусларни озод қилиш учун муваффақиятли кампания олиб борган. Фаолияти туфайли у бир неча бор таҳдид ва тазйиқларга учраган. Унинг ушбу мураккаб ишга узоқ йиллик содиқлиги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг ҳукуматларни жавобгарликни ҳис этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишга ундашида муҳим рол ўйнади», — дейилади Давлат департаменти хабарида.

Ўз навбатида Бахитжан Торегожина ҳамкасбларига миннатдорчилик билдирди.

«Гувоҳлар ва жабрланувчилар билан юзлаб суҳбатлар ёзиб олинди, минглаб ҳужжатлар, қатлларнинг фотосуратлари ва видеолари тўпланди. Биз бу ишни ҳеч ким келажакда тарихни манипуляция қилмаслиги ва қантар кунлари қандай бўлса, шундайлигича халқ хотирасида қолиши учун қилдик», — деб ёзади ҳуқуқ ҳимоячиси.

У билан бирга International Women of Courage мукофотига яна ўнта «барча учун порлоқ келажак қуриш йўлида меҳнат қилаётган бутун дунё бўйлаб таниқли аёллар» сазовор бўлдилар. Улар орасида асли афғонистонлик, Туркияда яшовчи Зокира Ҳикмат ҳам бор. Толибларнинг биринчи ҳукмронлиги даврида (1996-2001) у ўрта мактабни яширинча тугатган. Кейин у Туркияда ўқиш учун стипендия ютиб олган, тиббий маълумотга эга бўлган ва 2014 йили Афғонистондаги қочқинлар бирдамлик уюшмасини тузган ва у ерда қочқинлар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қила бошлаган.

Тақдирлаш маросими 8 март куни Оқ уйда бўлиб ўтади. Унга Давлат котиби Энтони Блинкен ва АҚШнинг биринчи хоними Жилл Байден мезбонлик қилади.

ℹ️ International Women of Courage мукофоти 2007 йили АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс томонидан ташкил этилган. Дунёнинг турли бурчакларида тинчлик, адолат, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтиришда ғоят жасорат кўрсатган, етакчилик қилган аёллар ушбу мукофот билан тақдирланадилар. 17 йилдан буён дунёнинг 80 дан ортиқ давлатидан 180 нафардан ортиқ аёлл ушбу мукофотга сазовор бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ