Туркманистонда ҳайвонларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунга қарамасдан бошпанасиз итларни ўлдириш давом этмоқда

Туркманистондаги бошпанасиз ит. hronikatm.com сайти фотосурати

Туркманободда шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан жорий йилнинг март ойида бошпанасиз ҳайвонларни оммавий қирғин қилиш қайта бошланди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, уй-жой коммунал хўжалиги ходимлари қаровсиз ит ва кучукларни арматура билан уриб ўлдиришмоқда, ҳайвонларнинг жасадлари кўчада ёқиб юборилмоқда. Масалан, Химик микрорайонида икки кун ичида аҳоли, жумладан, болалар кўз ўнгида 15 бош ит йўқ қилинган. Шунингдек, Гагарин ва Водники туманларида итларни оммавий ўлдириш ҳолатлари қайд этилган. (Ҳайвонларнинг ўлдирилиши акс этган видео «Хроника Туркманистана» Телеграм-каналида эълон қилинган).

Маҳаллий аҳоли буни олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Масалан, маҳаллий фаол Марина Загрева бошпанасиз ҳайвонларнинг ўлдирилишига қарши имзо тўплаган, итлар учун бошпана яратиш таклифи билан мунтазам равишда ҳокимликка мурожаат қилади.

Бироқ, маъмурият вакиллари ўзларини гап нима ҳақида кетаётганини тушунмагандек кўрсатишади ёки қаровсиз итлар -ахлат, шаҳарни улардан тозалаш, деб айтишади.

Аввалроқ «Азатлиқ» радиоси (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг туркман хизмати) февраль ойи ўрталаридан бошлаб Ашхобод ва Ахал вилоятида шаҳарларни қаровсиз ҳайвонлардан «тозалаш» кампанияси бошлангани ҳақида хабар берган эди.

Туркманистон ҳукумати томонидан ҳайвонларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун қабул қилинганига қарамай, қаровсиз итларни оммавий йўқ қилиш ишлари бошланган.

Туркманистондан уйсиз ҳайвонларни йўқ қилиш бўйича шафқатсиз кампаниялар ҳақида хабарлар мунтазам равишда пайдо бўлади. Сўнгги йилларда ҳайвонлар ҳуқуқлари фаоллари ушбу чоралар кўпайганини маълум қилишди. Нафақат бошпанасиз итлар ва мушуклар кўпинча оммавий қирғин кампанияларининг қурбони бўлишади, балки эгалари бўлган ҳайвонлар ҳам.

Шу билан бирга, мушук ва итларга қирон келтирилаётгани расмий даражада изоҳланмайди ва 2019 йили президент Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатда энг юқори халқаро андозаларга мос ҳайвонлар учун бошпана яратишга буйруқ берганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ