«Бўронли қўнолға» сценарий муаллифи, «Оила» фильми режиссёри Марат Сарулу Бишкекда дафн этилди

Қирғизистон маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

11 март куни Бишкекда Қирғизистон халқ артисти Марат Сарулу билан видолашув маросими бўлиб ўтди.

Сценарий муаллифи ва режиссёр 9 март куни 65 ёшида тўсатдан вафот этди. У «Ала-Арча» давлат қабристонига дафн этилган.

Марат Сарулу 1957 йил 26 сентябрда Талас шаҳрида туғилган. 1980 йили Қирғизистон Давлат университетининг филология факультетини, 1984 йили эса Москвадаги сценарий муаллифлари ва режиссёрлар олий курсларини (Фёдор Хитрук устахонаси) тамомлаган.

Сарулу «Бўронли қўнолға», «Овчи оиласи», «Юзма юз» ва бошқа фильмлар сценарий муаллифи бўлган. У бир қатор фильмларда режиссёр сифатида иштирок этган, жумладан, «Оила» («Жанубий денгизлар қўшиғи»), «Тошқин дарё, сокин денгиз», «Менинг укам, Ипак йўли», «Мандала», «Кўтарилиш», «Туз», қисқа метражли фильмлар, «Имаго» ҳужжатли фильми ва бошқа картиналарни суратга олган.

«Унинг фильмларидаги режиссёрлик услуби халқаро кинофестивалларда юқори баҳоланди. 2002 йили «Илҳом» фильми Анапа шаҳрида бўлиб ўтган халқаро кинофестивалда бош мукофотни, 2004 йили Тренто (Италия) шаҳрида бўлиб ўтган 52-халқаро кинофестивалда «Кумуш Эдельвейс» мукофотини қўлга киритди. Шунингдек, 2002 йили у Нант ва Весул (Франция) шаҳарларида ўтказилган халқаро кинофестивалларда бош мукофот ва махсус мукофотлар, дипломлар билан тақдирланган эди», — дейилади Қирғизистон президенти сайтидаги некрологда.

Марат Сарулу кейинги йилларда Бибисара Бейшеналиева номидаги Давлат маданият ва санъат университетининг «Кино ва телевидение» кафедрасида ишлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ