Туркманистон Афғонистон орқали Покистонга суюлтирилган газ етказиб беришни бошлади

Афғонистон орқали туркман гази транзити йўналишининг очилиш маросими. TOLOnews сайти фотосурати

Туркманистон Афғонистон ҳудуди орқали Покистонга суюлтирилган газ етказиб беришни бошлади. 29 апрель куни Афғонистон жанубидаги Покистон билан чегарадош Қандаҳор вилоятида транзит йўналишининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар берди TOLOnews телеканали.

Транзит йўналиши Афғонистоннинг Туркманистон билан чегарадош Торғунди шаҳридан Спин-Болдак чегара пункти (Қандаҳор)гача давом этади.

Афғонистон ҳудуди орқали Туркманистондан Покистонга газ ташиш вазифасини хусусий компания ўз зиммасига олган.

Туркманистондан Покистонга йўл олган биринчи транзит карвони 50 та газ ташувчи автомобиллардан иборат бўлди.

Таъкидлаш жоиз, Ашхобод ҳозиргача Афғонистонда ТАПҲ газ қувурини (Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон) қуриш бўйича улуғвор лойиҳани амалга ошира олмади, гарчи у афғон участкасини қуриш бўйича олдинги америкапараст ҳукумат билан ҳам, 2021 йили Кобулдаги ҳукуматни қўлга олган «Толибон»* радикал ҳаракати билан келишиб олган бўлсада.

ТАПҲ Туркманистон расмийлари учун стратегик муҳим лойиҳа ҳисобланади. 2010 йили Ашхободда лойиҳада иштирок этувчи давлат раҳбарларининг саммити бўлиб ўтган ва унинг якунида газ қувури бўйича доиравий битим ва ТАПҲни амалга ошириш бўйича ҳукуматлараро келишув имзоланган эди. Газ қувури Афғонистон чегарасидан 150 км узоқликдаги Марям вилоятидаги Туркманистон Галкиниш конидан Афғонистоннинг Ҳирот, Фараҳ, Ҳилманд ва Қандаҳор вилоятлари орқали Покистон ва Ҳиндистонга ўтиши керак. ТАПҲ қувури орқали йилига 33 миллиард куб метр газ етказиб бериш режалаштирилган.

2018 йили Афғонистон участкасининг қурилиши тантанали равишда бошланган, бироқ Афғонистон ҳукумат кучлари қурилиш хавфсизлигини таъминлай олмагани учун у музлатиб қўйилганди.

Ўтган бир йил давомида толиблар бир неча бор ТАПҲнинг Афғонистондаги қисмини қуришни бошлашга ваъда беришган, бироқ сўнгги маълумотларга кўра, қурилиш ҳали бошланмаган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ