Франция суди қозоғистонлик собиқ банкир Мухтор Аблязов ишини қайта кўриб чиқишни талаб қилди

Мухтор Аблязов. "Коммерсант" фотосурати

Франция кассация суди Қозоғистоннинг «Туран Алем банки» (БТА банк) собиқ раҳбари Мухтор Аблязовга нисбатан қўзғатилган ишончни бузиш ва пул ювиш бўйича ишни қайта кўриб чиқишни талаб қилди. Бу ҳақда суд матбуот хизматига таяниб, ТАСС хабар беради.

2022 йил январь ойида Париждаги Апелляция суди Аблязовга қарши суд жараёнини бекор қилиш ҳақида қарор чиқаради. Бироқ, Бош прокуратура апелляция шикояти беради, кассация суди уни қаноатлантиради, апелляция суди Тергов коллегияси қарорининг барча бандларини бекор қилиш ва ишни қайта кўриб чиқишни талаб қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Суд қарорида таъкидланишича, жиноий иш қўзғатишни тўхтатиш учун асослар йўқ, чунки Қозоғистон расмийлари томонидан даъво қўзғатилган вақтда – 2017 йил 17 июлда Аблязовга қўйилган фактлар бўйича даъво муддати ўтмаган эди.

Мухтор Аблязов Қозоғистон раҳбариятининг энг фаол танқидчиларидан бири ҳисобланади. У 2009 йили ўзига нисбатан 7,5 миллиард долларни ўзлаштириш айби билан жиноий иш очилгандан сўнг республикани тарк этган.

2013 йил июль ойида собиқ банкир Францияда ҳибсга олинган, уни экстрадиция қилиш бир вақтнинг ўзида Россия томонидан сўралган, у ерда унга 5 миллиард доллар фирибгарлик йўли билан ўзлаштирганлик, Украина томонидан 400 миллион долларлик даъволар билан айблар қўйилган. Оқибатда Россия сўровига ён босилган. Шундан сўнг, Аблязовнинг ҳимояси Франция Давлат кенгашига унинг экстрадициясини бекор қилиши бўйича илтимоснома юборади.

2018 йил ноябрида Қозоғистон суди Аблязовни БТА банк бошқаруви собиқ раиси Ержан Татишевнинг ўлдирилишида айбдор деб топиб, уни сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган.

2020 йил сентябрида Аблязов Францияда сиёсий қочқин мақомини олади, бироқ октабрда у ҳибсга олинади ва унга «ишончни суиистеъмол қилиш» ва «пул ювиш» айбловлари қўйилади. 2022 йил январь ойида унга қўйилган жиноятлар бўйича даъво муддати ўтганлиги сабабли иш тўхтатилган. Бироқ, ўша йилнинг декабрь ойида бошпана бўйича Миллий суди Аблязовнинг қочқинлик мақомини бекор қилади.