Қирғизистон парламенти давлат хизматчиларига давлат тилини билиш мажбуриятини юклади

Жогорку Кенеш мажлиси. Қирғизистон парламенти матбуот хизмати фотосурати

31 май куни Жогорку Кенеш (парламент) депутатлари учинчи ўқишда «Қирғизистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳасини қабул қилди, унга кўра, барча давлат хизматчилари қирғиз тилини билиши шарт. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур қонуннинг 4-моддасида давлат тилининг қайси соҳаларда қўлланилиши мажбурий эканлиги кўрсатилган:

✅ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, барча мулкчилик шаклидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолиятида;

✅ сайловлар ва референдумларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида;

✅ суд жараёнларида, Қирғизистон Қуролли кучлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари;

✅ Қирғизистон томонидан халқаро шартномалар тузилганда;

✅ меъёрий ҳужжатлар, иш юритиш ва ҳужжат айланишида;

✅ давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, барча мулкчилик шаклидаги ташкилотлар номланишида;

✅ жуғрофий номларда ва топонимик объектлар номларида;

✅ савдо номларида, товар белгиларида ва хизмат кўрсатиш белгиларида;

✅ нотариал идорада Қирғизистон фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштиришда, фуқаролик ҳолати далолатномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномалар бланкаларини тайёрлашда, маълумот ва (ёки) малака тўғрисидаги ҳужжатларни ва давлат намунасининг бошқа шаклларини беришда;

✅ таълим, фан, маданият, телевидение ва радиоэшиттириш, оммавий ахборот воситалари, китоб нашр этиш, компьютер дастурлари ва веб-сайтларнинг фойдаланувчи интерфейслари, оммавий тадбирлар, реклама, транспорт, маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа ижтимоий соҳаларда.

Бундан ташқари, ҳужжатда давлат тилини ўрта (В1) даражасида билиши ва ундан хизмат вазифаларини бажаришда фойдаланиши шарт бўлган шахслар рўйхати белгилаб берилган. Хусусан, булар давлат ва коммунал хизматчилари, депутатлар, ҳарбийлар, судялар, барча мулкчилик шаклидаги таълим муассасалари, давлат ва шаҳар соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари ва ходимлари, ўқитувчи ва олимлар ва бошқалардир.

Депутатлар томонидан қабул қилинган қонун лойиҳасига кўра, телерадиокомпаниялар контентнинг ярмидан кўпини қирғиз тилида тайёрлаши керак.

Веб-сайтларнинг қирғиз тилидаги версияларида эса бошқа тиллардаги версиялардан кам бўлмаган маълумотлар бўлиши керак.

Қўшимча қиламиз, Қирғизистон Конституциясига кўра, қирғиз тили давлат тили, рус тили эса расмий тил мақомига эгадир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ