Хитой компаниялари консорциуми Олмаота иссиқлик электр станциясини кўмирдан газга ўтказиш билан шуғулланади

Олмаота-2 ИЭС. inform.kz сайти фотосурати

Хитойнинг Dongfang Electric International Corporation, Powerchina Sepco1 Electric Power Construction Co., Ltd ва Powerchina Hebei Electric Power Engineering Co., Ltd компаниялари консорциуми Олмаота-2 ИЭСни кўмирдан газга ўтказиш бўйича тендерда ғолиб чиқди. 31 май куни тегишли шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради лойиҳани молиялаштириш кафили бўлган «Самрук-Казина» давлат жамғармаси матбуот хизмати.

Шартнома шартларига кўра, хитойлик мутахассислар ишларнинг тўлиқ циклини бажарадилар:

🛠 дизайн;

🛠 жиҳозлар етказиб бериш;

🛠 қуриш, монтаж қилиш ва ишга тушириш;

🛠 фойдаланишга топшириш.

Янги газ станцияси ҳозирда асосий ёқилғи сифатида кўмир, бошланғич ёқилғи сифатида эса мазут ишлатилаётган майдонда қурилади.

Газга ўтиш нафақат зарарли чиқиндилар миқдорини камайтириш ва Олмаотада ҳаво сифатини яхшилаш, балки ИЭС қувватини ҳам оширади: электр — 600 МВтгача, иссиқлик — 957 Гкал/соатгача.

Станция таркибига газ турбинали агрегатлар блоги ва иссиқ сув қозонхонаси киради.

Объектни ишга тушириш 2026 йил декабрига режалаштирилган.

Жамғарманинг таъкидлашича, лойиҳа Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва Қозоғистон тараққиёт банки томонидан «Самрук-Казина» корпоратив кафолатлари остида молиялаштирилади, бу эса рискларни минималлаштириш ва кредитлаш шартларини яхшилашга ёрдам беради.

ℹ️ «Самрук-Казина» акциядорлик жамияти 2008 йили Қозоғистон президентининг фармони билан ташкил этилган. Жамғарманинг ягона акциядори республика ҳукумати ҳисобланади. Мазкур тижорат тузилмаси инвестиция холдинги бўлиб, унинг вазифаси мамлакат аҳолиси фаровонлигини ошириш ва келажак авлодлар учун узоқ муддатли барқарорликни таъминлашдан иборат.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ