Қозоғистонлик фуқаро мавжуд темир йўлнинг бир қисмини сотиб олиб, рельсларини металлоломга топширган

Бузилиб ташланган темир йўл қисми. КТК репортажидан кадр

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Кентау шаҳридаги мавжуд темир йўл участкаси эгаси темир йўлларни демонтаж қилиб, рельсларни металлоломга топширишга киришган. Бу ҳақда КТК телеканали хабар беради.

Маҳаллий тадбиркорларнинг сўзларига кўра, темир йўллар авваллари «Ашисай полиметал» корхонасига тегишли бўлган, аммо қарз эвазига ким ошди савдосида қисман сотилган. Янги эгалардан бири икки километр йўл ва депони сотиб олган. У бинода бизнесни ривожлантириш ва кераксиз деб рельсларни бузиб ташлаш ниятида эканини айтган.

«У шундай деди: «Бу темир йўлни мендан 100 миллион [тенге, 223 минг доллар] га сотиб олинг. Ё сизларга уч ой муҳлат бераман, ё бўлаклаб – металлоломга сотаман», — дейди маҳаллий тадбиркорлардан бири телеканалга.

Йўлларнинг демонтаж қилиниши ҳақидаги хабар хомашёни темир йўл орқали қабул қилиб, тайёр маҳсулотни экспорт қилаётган вилоят тадбиркорларининг норозилигига сабаб бўлган.

«Аслида, энди маълум бўлди: бизнинг шаҳримиздаги бутун темир йўл линиясига эгалик қилувчи хусусий шахслар энди уни демонтаж қилишмоқда. Ва бу билан улар энди тадбиркорларни ўлдиришмоқда. 2000 киши ишсиз қолиши мумкин. Мамлакатдаги асосий муаммо эса ишсизликдир. Ёшлар қаерга ишга боради?», – деб сўрайди Кентау трансформатор заводи бошқаруви раиси Бауиржон Худайбергенов. У темир йўл йўқ бўлганда корхона маҳсулотлари сезиларли даражада қимматлашиши, рақобатга бардош беролмаслиги, ишлаб чиқаришни ёпишга тўғри келишидан қўрқади.

Демонтаж қилинган участканинг эгаси телеканалга рельсларни қўриқлайдиган ва уларга ғамхўрлик қиладиган ҳеч ким йўқлигини, бошқа тадбиркорлар ва ҳокимлик уларни сотиб олишни истамагани, шу сабабли рельсларни сотишга қарор қилганини тушунтирган.

Кентау шаҳар ҳокимлиги автомобиль транспорти инспекцияси, транспорт прокурори, темир йўл узели, шунингдек табиий монополиялар департаментига темир йўлнинг сотилган участкаларини давлат мулкига қайтариш бўйича хат юборганини маълум қилди. Айни пайтда йўналишнинг бошқа участкалари эгалари ҳам демонтаж ишларини бошлашга тайёр эканликларини маълум қилишган.

Жорий йилнинг январь ойида Қозоғистон Бош вазири Алихон Смаилов иштирокида бўлиб ўтган Иқтисодиётни монополиядан чиқариш бўйича комиссия йиғилишида темир йўлнинг хусусийлаштирилган участкаларини давлатга қайтариш масаласи муҳокама қилинган эди. Сўнгра бир қатор хусусий корхоналар эгаларидан 145 та кириш темир йўл линиясини республика мулкига ўтказиш бўйича таклифлар келиб тушгани таъкидланган. Смоилов ушбу масала билан шуғулланиш ва қайтариш учун барча зарур тартиб-қоидаларни амалга ошириш бўйича топшириқ берган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди