Тожикистонда кучли ёмғир ва сел оқибатида 13 киши ҳалок бўлди

1. Тожикистондаги сел оқибатлари. ФВҚ матбуот хизмати фотосурати

Тожикистонда 27 август куни кучли ёмғир ёғиши ва ундан кейинги сел оқибатида 13 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар қўмитаси (ФВҚ)га таяниб, «Ховар» давлат ахборот агентлиги хабар беради.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган. У мамлакат Бош вазири Қоҳир Расулзода ва ФВҚга жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича шошилинч чоралар кўриш бўйича топшириқ берган.

Кучли ёмғир оқибатида Душанбе, Ваҳдат, Ҳисор шаҳарлари, Рудакий, Варзоб, Деваштич, Рашт, Сангвор ва Тожикистонобод туманларида сел ва кўчкилар содир бўлган.

Жумладан, 27 август куни кечқурун Ваҳдат шаҳрида содир бўлган сел оқибатида Н.Розиқ номидаги, Симиганч, Чуянгарон ва Ромит номли қишлоқ жамоатлари жабрланган. Ушбу аҳоли пунктларидан юздан ортиқ хонадон вақтинча хавфсиз жойларга эвакуация қилинган. Ўн бир киши ҳалок бўлган — уч аёл ва саккиз эркак. Икки киши чўкиб кетган автомобилдан қутқариб олинган.

Сел 15 та машинани оқизиб кетган Рудакий ҳудудида яна икки киши ҳалок бўлган.

«Кучли ёмғир туфайли Душанбе шаҳрининг Хўжанбиёи поён ҳудудидаги Шўроқсой томонидан сел оқими юзага келган. Натижада турар-жой биноларининг томорқа қисмига сув кириб, Ҳофиз Шерозий шоҳ кўчаси бўйлаб, Қушониён бозорига туташ автомобил йўлини тўсиб қўйган ва сел деворининг 35 метрга яқин қисмини шикастлаган. Айни пайтда туман йўл хизмати техникалари ёрдамида йўл тозаланиб, автомашиналар ҳаракати тикланган. Харангон дарёсидан келган сел натижасида 69-сонли ўрта таълим муассасаси ҳовлиси, спорт майдончаси, ёрдамчи бинолар ва мазкур мактабга туташ йўлга шикаст етган», — дейилади ФВҚ хабарида.

Сел туфайли Душанбе-Ваҳдат-Лахш-Саритош ва Душанбе-Хўжанд автомобиль йўлларида транспорт ҳаракати тўсиб қўйилган. Бош вазир ўринбосари, ФВҚ раҳбари ва Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Мелиорация ва ирригация агентлиги директори Ваҳдат ва Рудакий туманидаги авария жойига жўнаб кетган.

ФВҚ кучли ёмғир ёққан ҳудудларда кўчки, сел ва тош қулаши хавфи юқори эканини қайд этади.

ℹ️ Айни пайтда Қирғизистонда қор ёққан, Қозоғистоннинг Чимкентида ва унга чегарадош Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятида дўл ёққан.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди