Тожикистон хавфсизлик кучлари Афғонистондан кириб келган террорчиларни йўқ қилди

Йўқ қилинган террорчилардан мусодара қилинган қуроллар. МХДҚ матбуот хизмати фотосурати

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) бўлинмаси тожик-афғон чегарасини бузиб, республика ҳудудига кириб келган «Жамоат Ансоруллоҳ»* халқаро террорчилик ташкилотининг уч нафар аъзосини йўқ қилди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идорасининг баёноти «Ховар» ахборот агентлиги томонидан эълон қилинди.

МХДҚ маълумотларига кўра, 29 августдан 30 августга ўтар кечаси Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти Дарваз туманининг Кеврон қишлоғи яқинига Афғонистондан террорчилик ташкилотининг уч нафар аъзоси ноқонуний равишда кириб келган. Агентликнинг иддао қилишича, улар республика Мустақиллик байрами арафасида бир нечта террорчилик ҳаракатларини амалга оширишни режалаштиришган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси баёнотида айтилишича, 5 сентябрь куни эрталаб аксилтеррор хавфсизлик отряди террорчилар жойлашган ҳудуд атрофида периметр ўрнатган ва улардан таслим бўлишни талаб қилган. Террорчилар хавфсизлик кучларининг буйруғига бўйсунмай, ўт очишган. Жанглар натижасида қуролли гуруҳнинг уч нафар аъзоси ҳалок бўлган.

МХДҚ қайд этишича, жангарилар Афғонистондан олдиндан катта партиядаги қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва портловчи моддалар, пул ва алоқа воситаларини олиб ўтиб пана жойга яширишган.

Воқеа жойидан 5 та Калашников автомати, иккита М-16 снайпер милтиғи, М-4 карабинаси, тўртта тўппонча, 13 та қўл граната, кўплаб қурол-яроғ ва патронлар учун мосламалар, турли хил асбоблар, жумладан тунги кўриш дурбинлари, 30 дона пластид (портловчи), 162 дона детонатор капсуласи, портловчи моддалар учун масофадан бошқариш пулти, 10 000 доллар, тиббий буюмлар ва диний адабиётлар топилган ва мусодара қилинган.

Олиб борилган тезкор-тергов тадбирлари ва жасадларнинг шахсини аниқлаш натижасида барча террорчилар «Жамоат Ансоруллоҳ» аъзолари экани маълум бўлган:

👉 Зариф Бобожонов (лақаби «Усмон»), Исфара шаҳридан, «Жамоат Ансоруллоҳ» террорчилик ташкилоти етакчиларидан бири;

👉 Фарҳод Баҳодуров (лақаби «Абу Мусаб»), Нуробод туманида туғилган;

👉 Ахтам Косимов (лақаби «Убайд»), Кўлобда туғилган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси жорий йилнинг 26 апрель куни «Жамоат Ансоруллоҳ»нинг икки нафар аъзоси ҳам террорчилик ҳаракатини амалга ошириш мақсадида Ванж туманининг Дашти Язғулом участкасида Тожикистон ва Афғонистон давлат чегараси чизиғини ноқонуний кесиб ўтганини қайд этганди. Аксилтеррор операцияси натижасида террорчилар зарарсизлантирилган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди