Қозоғистонда қорақалпоқ диаспорасининг икки вакили тергов изоляторидан озод қилинди

baigenews.kz сайти фотосурати

Ўтган йили Ўзбекистон талаби билан ҳибсга олинган Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакиллари Қўшқарбай Тўремуратов ва Жангелди Жақсимбетов 13 сентябрь куни Олмаота тергов изоляторидан озод қилинди. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Виталий Пономарев Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида маълум қилди.

Пономарев қорақалпоғистонлик манбаларга таяниб, фаоллар суд томонидан белгиланган ҳибсда сақлаш муддати ўтгани сабабли қўйиб юборилганига аниқлик киритади.

Қозоғистон ҳукумати Ўзбекистон илтимосига кўра бир йил аввал Торемуратов ва Жақсимбетовни ҳибсга олган эди. Ҳуқуқ ҳимоячилари диаспора аъзоларига нисбатан очилган ишни уйдирма, деб ҳисоблашмоқда.

Шу йилнинг ёзида Қозоғистон Торемуратов ва Жақсимбетовга қочқин мақомини беришдан бош тортгани маълум бўлганди. Қорақалпоқ диаспораси вакили Оқилбек Муратовнинг журналистларга айтишича, расмийларнинг қарори кутилган воқеа эди, чунки унинг сўзларига кўра, Остона 2011 йилдан бери «бундай ҳолатларда» бирорта одамга бошпана бермаган.

Пономарев таъкидлашича, Ўзбекистон расмийлари илтимосига кўра ҳибсга олинган қорақалпоғистонлик уч нафар фаол ҳамон тергов ҳибсхонасида қолмоқда. Гап Раиса Худайбергенова, Зиуар Мирманбетова ва Тлеубика Йўлдошева ҳақида кетмоқда.

Фаолларнинг ҳибсга олиниши фонида диаспора етакчилари ўтган йил декабрь ойида республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга очиқ хат ёзган эди. Унда улар давлат раҳбаридан Қозоғистон ҳудудида «Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идораларининг сўрови ва бевосита иштирокида» этник қорақалпоқларга нисбатан таъқиб бўлаётганига эътибор қаратишни сўрашган.

Шу йилнинг май ойида Ўзбекистонда хорижда яшаётган қорақалпоқлар устидан суд бўлиб ўтди. Иш бўйича айбланувчилар «Алға Қорақалпоғистон» партияси раҳбари Аманбай Сагидуллаев (Норвегияда яшайди) ва Қозоғистоннинг Манғистау вилояти қорақалпоқ этномаданий бирлашмаси раиси Ниетбай Ўразбаев бўлиб, тергов маълумотларига кўра, улар ўтган йилги тартибсизликларга алоқадор бўлишган. Натижада Сагидуллаев сиртдан 18 йилга, Ўразбаев 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.

ℹ️ 2022 йил июль ойи бошида Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республика суверенитетидан маҳрум этишни назарда тутувчи ўзгартиришларга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Тартибсизликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган.

Ноябрдан мартгача иккита суд жараёни бўлиб ўтди, унда айбланувчилар турли хил қамоқ жазосига ҳукм қилинди, уларнинг баъзилари озодликни чеклаш шаклида жазо олди. Энг оғир жазо — 16 йил қамоқ жазоси — терговчиларга кўра, оммавий тартибсизликлар ташкилотчиси бўлган адвокат ва журналист Даулетмурат Тажимуратовга берилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди