Тўқаев БМТ Хавфсизлик кенгашини янгилаш ва низоларни дипломатик йўл билан ҳал этиш таклифини илгари сурди

ҚОСИМ-ЖОМАРТ ТЎҚАЕВНИНГ БМТ БОШ АССАМБЛЕЯСИНИНГ 78-СЕССИЯСИДА ЧИҚИШИ. ҚОЗОҒИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Хавфсизлик Кенгаши кўпроқ ваколатларга эга бўлиши керак. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 19-сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги умумий мунозарада сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

«Мен «ўрта кучлар» ва Кенгашдаги барча ривожланаётган мамлакатларнинг овози кучайтирилиши ва аниқ эшитилиши кераклигига аминман. Хавфсизлик Кенгаши боши берк кўчадан чиқа олмаётгани сабаб, бошқа давлатлар, жумладан Қозоғистон ҳам тинчлик ва хавфсизликни сақлашда кўпроқ рол ўйнаши учун кўпроқ вакилликка эга бўлиши керак», — деди Тўқаев.

ℹ️ БМТ Хавфсизлик Кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш учун асосий масъулиятни зиммасига олади. У 15 аъзодан иборатбеш доимий (Россия, АҚШ, Буюк Британия, Хитой ва Франция вето ҳуқуқига эга) ва ўн нафар доимий бўлмаган, улар икки йилга сайланади.

Қозоғистон Президенти таъкидлаганидек, бугунги кунда инсоният яна бир геосиёсий қарама-қаршилик даврига кирмоқда.

«Хавфнинг моҳияти бир вақтнинг ўзида БМТ Низомида ўз ифодасини топган халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларининг емирилишидан келиб чиқади. Ушбу устунларнинг йўқ қилиниши халқаро муносабатларнинг мавжуд тизимига тобора оғир юкни юклайди ва қарама-қаршиликларни келтириб чиқаради.

Муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилмаслик, тўхтатиб қўйиш ва улардан чиқиш амалиёти ўта ташвишлидир, чунки бу «ғиштнинг қолипдан қўчиши»га олиб келиши мумкин», — деди Тўқаев.

Унинг тушунтиришича, бундай ҳолат савдо тизимини бузади, иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи таъминот занжирларини заифлаштиради, озиқ-овқат хавфсизлигига зарар етказади ва инфляцияни тезлаштиради.

«Ҳозирги салбий тенденциялар одамлар азобини янада кучайтирмоқда. 108 миллион киши ички кўчманчи ҳисобланади, 1 миллиарддан ортиқ киши қашшоқликда яшамоқда, 2 миллиард киши зарур дори-дармонларга эга эмас. Натижада инсоният дунёнинг барқарор ривожланишига ишончини йўқотиши мумкин. Ёш авлод уларга мерос қолдирилаётган дунё яхшироқ бўлишига энди ишонмайди. Шу боис Қозоғистон БМТ Низоми тамойилларига қатъий содиқлигини яна бир бор тасдиқлаш зарур, деб ҳисоблайди», — деди Тўқаев.

Қозоғистон президенти халқаро низоларни фақат дипломатия ва мулоқот йўли билан ҳал қилишга чақирди.

«Биз барча томонларни БМТ Низоми ва умумеътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари асосида можароларни дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирамиз. Шу муносабат билан Қозоғистон Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал этишни қўллаб-қувватлаш бўйича турли давлатлар ва мамлакатлар гуруҳлари томонидан таклиф этилаётган барча саъй-ҳаракатлар ва режаларни юқори баҳолайди. Халқаро низоларни ҳал қилишда дипломатия ва мулоқот доимо устун бўлиши керак. Шунинг учун биз глобал институтларнинг ягона мавжуд тизимини барқарорлаштириш учун биргаликда барча саъй-ҳаракатларимизни амалга оширишимиз керак», — дея тушунтирди Тўқаев.

У инсоният олдида турган барча муаммолар ичида, эҳтимол, энг ҳалокатлиси ядро қуролидан фойдаланиш таҳдиди эканлигини таъкидлади ва ядровий кун тартиби мантиқини қайта кўриб чиқишга чақирди.

«Ядро қуролидан холи дунёга эришиш йўлида фақат ядровий кучлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорлик глобал барқарорликни таъминлайди. Шу муносабат билан Қозоғистон Ядро қуролини тақиқлаш тўғрисидаги шартномага содиқлигини маълум қилади», — дея таъкидлади Қозоғистон президенти.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, 2045 йилгача ядро қуролидан бутунлай воз кечиш бўйича стратегик режа ҳозирги авлод етакчиларининг глобал хавфсизликни таъминлашга қўшган энг муҳим ҳиссасига айланиши мумкин.

Тўқаевнинг айтишича, Қозоғистон ўз миллий манфаатларини ҳимоя қиладиган тинчликсевар давлат ва халқаро муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилиш йўлида доимий изланишда.

«Мустақиллик, ҳудудий яхлитлик ва суверенитет халқимнинг ҳозир ҳам, келажакда ҳам амал қиладиган асосий тамойиллардир», — деди Қозоғистон Президенти.

Тўқаев ўз нутқида COVID-19 давлатларнинг келажакдаги биологик хавф ва таҳдидларга заифлигини кўрсатганини таъкидлади ва Халқаро биохавфсизлик агентлигини яратишни таклиф қилди.

Бундан ташқари, Қозоғистон Президенти қуйидагиларни илгари сурди:

👉 Динлараро ва конфессиялараро мулоқот: «Биз сўнгги пайтларда муқаддас китобларга нисбатан чуқур ҳурматсизлик ҳолатларидан хавотирдамиз. Ислом ёки бошқа динга қарши бу каби ваҳший ҳаракатларни эркинлик, сўз эркинлиги ва демократия ифодаси сифатида қабул қилиб бўлмайди. Барча муқаддас китоблар, жумладан, Қуръон ҳам вандализмдан ҳуқуқий ҳимояга лойиқ»;

👉 ЖСТ (Жаҳон савдо ташкилоти) тамойиллари ва қоидаларига асосланган очиқ, шаффоф ва инклюзив кўп томонлама савдо тизими;

👉 глобал озиқ-овқат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш: «Биз биргаликда халқаро ҳамжамият томонидан озиқ-овқат инқирозига қарши чоралар молиялаштиришнинг шаффоф мониторингини таъминлашимиз керак. Қозоғистон минтақавий озиқ-овқат таъминоти маркази сифатида ҳаракат қилишга тайёр. Бунинг учун бизда ресурслар, логистика, инфратузилмалар мавжуд.

👉 Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан аниқланган «Иқлим бўйича ижобий ҳаракатлар»ни етарли даражада молиялаштириш, масалан, «яшил» иш жойларига сармоя киритиш, қазиб олинадиган ёқилғи субсидияларини тўхтатиш, тенгликни таъминлаш, турли даражадаги иқлим бўйича барча тадбирларда аёллар иштирокини таъминлаш;

👉 Олмаота шаҳрида иқлим ўзгариши ва яшил энергия бўйича Марказий Осиё учун лойиҳа офисининг очилиши;

👉 Олмаотада БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) бўйича минтақавий марказини яратиш.

«Келинглар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзагини ташкил этувчи бирлик ва жамоавий ҳаракатлар руҳини жонлантирайлик. Дурустроқ дунё қуриш бўйича умумий мажбуриятимиз ўзимиздаги келишмовчиликлардан устун туриши кераклигини ёдда тутайлик», — деди Қозоғистон президенти ўз нутқи якунида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди