Марказий Осиё мамлакатлари банкларига Россияда валюта савдоларида иштирок этишга рухсат берилди

ria.ru сайти фотосурати

Россия ҳукумати Россия Федерациясида валюта савдосида иштирок этиши мумкин бўлган давлатлар банклари рўйхатини тасдиқлади. Бу ҳақда Россия Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Рўйхатга 32 давлат, жумладан Марказий Осиёнинг барча бешта постсовет республикаси – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон киритилган.

Рўйхатга, шунингдек Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Жазоир, Бангладеш, Баҳрайн, Бразилия, Венесуэла, Вьетнам, Миср, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон, Қатар, Хитой, Куба, Малайзия, Марокаш, Мўғулистон, БАА, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Сербия, Таиланд, Туркия, ЖАР киритилган.

«Хорижий кредит ташкилотлари ва дўст ва нейтрал мамлакатлар брокерларига Россия валюта бозорида, шунингдек деривативлар бозорида савдо қилишга рухсат берилади», — дейилади РФ ҳукумати баёнотида.

Вазирлар Маҳкамаси тушунтиришича, рўйхат 2023 йил июль ойида қабул қилинган «Ташкилий савдолар тўғрисида»ги федерал қонуннинг янги нормаларини амалга ошириш доирасида тасдиқланган.

«Ушбу меъёрлар дўст ва нейтрал мамлакатлар миллий валюталарини тўғридан-тўғри конвертация қилиш механизми самарадорлигини оширишга ва Россия иқтисодиётининг миллий валютада ҳисоб-китобларга бўлган талабини қондириш учун рублга тўғридан-тўғри котировкаларни шакллантиришга қаратилган», — дейилади ҳукумат хабарида.

Валюта савдосига рухсат берилиши мумкин бўлган хорижий банклар ва брокерларга қўйиладиган талаблар Россия банки томонидан белгиланади.

ℹ️ Янги нормалар қабул қилинишидан олдин валюта савдосида фақат Россия резидентлари иштирок этиши мумкин эди, дея эслатади ТАСС. Аммо уларнинг аксарияти миллий валютадаги ликвидликни керакли ҳажмларда етказиб бериш имкониятига эга эмас. Бу 2022 йил февраль ойидан бошлаб тенге, юан, лира, сўм, дирҳам, рупий ва бошқа валюталардаги операцияларга талабнинг ортиши фонида транзакциялар ўсишини чеклайди ва рублнинг хорижий валюталарга нисбатан бозор курсини аниқлашни бузади.