Сердар Бердимуҳамедов Туркманистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланди

Сердар Бердимуҳамедов. vesti.az сайти фотосурати

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовга Республика Қаҳрамони унвони ва Altyn Ay («Олтин ой») кўкрак нишони топширилди. Мамлакат парламентининг тегишли қарори 24 сентябрь куни «Туркменистан. Золотой век» нашрида эълон қилинган.

Қайд этилишича, Бердимуҳамедов ушбу нуфузли унвонни Туркманистон мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан олган.

Парламент қарорида келтирилган сабаблар қаторида:

✔️ мамлакат миллий мустақиллиги ва бетарафлик тамойилларини мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси;

✔️ янги ташаббусларни илгари суриш орқали демократик, ҳуқуқий ва дунёвий давлатни жадал ривожлантиришда давлат ва жамият олдидаги беқиёс хизматлари;

✔️ мамлакат тараққиётининг янги давридаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни такомиллаштириш;

✔️ аждодларимиздан мерос тамойиллар асосида кекса авлодга ҳурмат кўрсатиш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, Туркманистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш;

✔️ Қаҳрамонимиз Аркадаг асос солган давлатчиликнинг мустаҳкам устунини мустаҳкамлашдаги хизматлари;

✔️ жонажон Ватан шарафи ва шаънини юксалтириш борасида амалга оширилаётган изчил ва мақсадли фаолияти қайд этилган.

Gundogarнинг ёзишича, 42 ёшли Сердар Бердимуҳамедов республиканинг энг юқори даражадаги мукофотига сазовор бўлган энг ёш шахс бўлган. Ундан олдин бу унвонга 55 ёшли россиялик космонавт Олег Кононенко сазовор бўлган.

Мамлакатнинг биринчи президенти Сапармурод Ниёзов Туркманистон Қаҳрамони унвонлари сони бўйича етакчи ҳисобланади, у олти марта ушбу унвонга сазовор бўлган. Ҳозирги давлат раҳбарининг отаси, республика Халқ маслахати (Халқ кенгаши) раиси Гурбангули Бердимуҳамедов икки карра Туркманистон Қаҳрамони бўлган.

ℹ️ Туркманистон Қаҳрамони олтин нишони 1992 йили таъсис этилган. Ўшанда Ниёзов фахрий мукофотнинг биринчи совриндори бўлган. Ва у олтинчи унвонини 2004 йили «ишчиларнинг кўплаб илтимослари туфайли» олган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Туркманистон терма жамоаси дарвозабонига чет элга чиқиш тақиқланди

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида