Тошкентдаги Киночилар уйида «Алвон елканлар»нинг италянча талқини намойиш этилади

Пьетро Марчелло. kinotv.ru сайти фотосурати

«Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида италиялик таниқли замонавий режиссёрлардан бири Пьетро Марчеллонинг маҳорат дарси бўлиб ўтади, шунингдек унинг «Скарлетт» фильми намойиш этилади. Бу ҳақда Тошкент кинофестивали ташкилотчиларининг расмий сайти хабар берди.

30 сентябрь куни Кинематографлар уйининг кичик залида («Панорама») «Скарлетт» фильмининг намойиши ҳамда Пьетро Марчелло иштирокида талабалар учун маҳорат дарси бўлиб ўтади. Учрашув сўнгида меҳмонларга Канн кинофестивалининг мукофотига сазовор бўлган Италия, Белгия, Франция ва Буюк Британия ҳамкорлигида суратга олинган «Саккиз тоғ» фильми намойиш этилади.

Пьетро Марчелло — замонамизнинг энг истиқболли италян режиссёрларидан бири ҳисобланади. У ижодини ҳужжатли фильмлардан бошлаган ва бир нечтасини суратга олган. Улардан бири – «Бўри оғзи» Берлин кинофестивалида иккита мукофотга сазовор бўлган. 2015 йилдан бошлаб у бадиий фильмлар суратга олишни бошлаган. Бугунги кунга қадар энг муваффақиятли иши 2019 йииа Жек Лондон асари асосида суратга олган «Мартин Иден» драмасидир. Фильм «Олтин шер» танловида иштирок этиш учун танлаб олинган ва бош актёр Лука Маринелли Венеция кинофестивалида «Энг яхши актёр» номинациясида Вольпи кубогини қўлга киритган.

«Скарлетт» — Александр Гриннинг «Алвон елканлар» романи асосида Пьетро Марчеллонинг тарихий мелодрамаси. Фильмнинг премераси 2022 йили Канн кинофестивалида бўлиб ўтган. Фильм танқидчиларнинг ижобий баҳоларига сазовор бўлган.

ℹ️ Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1988 йилгача ҳар икки йилда бир марта, кейин эса 1992 ва 1997 йиллари бўлиб ўтган. Бу Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинематографиясининг дунёдаги энг йирик форуми эди. Фестиваль халқаро майдонда нуфузга эга бўлиб, турли мамлакатлар киноижодкорларига ўз асарларини намойиш этиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имконини берган.

2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш ва уни ҳар йили ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ўшандан бери «Ипак йўли дурдонаси» кинофестивали икки маротаба ўтказилди. Бу йил фестиваль Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 29 сентябрдан 2 октябргача бўлиб ўтади.