Беларусдаги туркман талабалари муҳожирларни чегарадан ноқонуний олиб ўтаётганда қўлга олинган

Белорусь-Польша чегарасидаги назорат ўтказиш пункти. rbk.ru сайти фотосурати

Беларусдаги университетларда таҳсил олаётган туркман талабалари одам контрабандаси билан шуғулланаётган халқаро мафияга алоқадорликда айбланиб қўлга олинган. Марказий Осиёнинг ушбу республикаси фуқаролари кўпинча мигрантларни чегарадан ноқонуний олиб ўтиш бўйича хизматлар кўрсатишади, бу эса ўз навбатида Минскда хавотир уйғотмоқда, деб ёзади Turkmen.news.

Таҳририят Беларусь таълим вазири ўринбосари Александр Баханович имзоси билан маҳаллий университетларни Туркманистондан келган талабаларни кузатишга буюрувчи хатини олган. Расмий маълумотларга кўра, дарс пайтида туркман фуқароларини чегарада қўлга олиш ҳолатлари тез-тез учраган. Вазиятни ҳисобга олган ҳолда вазирлик институт ва университетлар раҳбариятидан хорижликлар билан профилактика ишларини кучайтиришни сўраган.

Вазир ўринбосари ўз мактубида бир қанча фактларни келтириб ўтади. Масалан, жорий йилнинг март ойида Ҳиндистоннинг саккиз нафар фуқаросини ноқонуний равишда чегарадан ўтказаётганда ҳарбийлар Халқаро давлат экология институтининг 4-курс талабаси Наврўз Режеповни қўлга олган, у кейинроқ уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Май ойида худди шу университетда таҳсил олаётган яна икки Туркманистон фуқароси Керим Аламов ва Сапагелди Алладжанов ўн нафар мисрликни чегарадан олиб ўтаётганда қўлга олинган. Талабаларнинг ҳар бири 4,5 йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Чегарада қўлга олинган Беларусь давлат транспорт университети талабаси Азат Аннабердиевга омад кулиб боққан. Расмийлар унинг муҳожирларни хорижга чиқаришга алоқадорлигини исботлай олмаган, сохта ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдалангани учун унга уч ойлик қамоқ жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, туркман фуқаролари жаримага тортилиб, маъмурий тартибда ўз ватанига депортация қилинганига оид ўнлаб фактлар келтирилган. Гап шундаки, Беларусь қонунларига кўра, мамлакат фуқаролари чегара зонасига ўз фотосурати билан бирон бир ҳужжати билан, чет элликлар учун эса фақат чет эл паспорти ва махсус рухсатнома билан киришлари мумкин. Шу билан бирга, чегарачиларни камида бир соат олдин огоҳлантирган ҳолда, кундузи соатларда назорат пунктини кесиб ўтиш мумкин. Аксарият талабалар ушбу қоидаларни бузганлар, шунинг учун улар қўшни давлат ҳудудига бошқаларни юбораётганда қўлга олинмаган тақдирда ҳам, уларга риоя қилмаслик айби қўйилади ва Маъмурий Кодексга мувофиқ жазоланади.

Turkmen.news хабарига кўра, талабалар халқаро мафияда ишлайди, уларнинг фаолиятини этник курд мувофиқлаштиради. Механизм оддий: туркманлар девор остидаги туннел орқали муҳожирларга Белоруссиядан Польшага ўтишларига ёрдам беришади. Булар асосан Ироқ, Ливия, Яман, Миср, Сурия ва Афғонистон фуқароларидир. Воситачилар уларни бошқа давлат ҳудудига ўтказиб, ноқонуний муҳожирларни Ғарбий Европага олиб борадиган шерикларига топширадилар.

Талабалар иш бажарилганини исботлаш учун бутун жараённи суратга олишади ва Минск ёки Брестга қайтиб келганларида хизматлари учун 3-4 минг доллар оладилар.

Нашр манбасининг таъкидлашича, хорижликлар Беларусда кафе ёки такси хизматида ишга жойлашишлари мумкин, бироқ улар қонун бузган ҳолда, дарҳол пул топиш илинжида мафияга аралашиб қолишади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Туркманистон терма жамоаси дарвозабонига чет элга чиқиш тақиқланди

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида