Швейцария Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг «Офис» иши бўйича 480 миллион долларини мусодара қилишни талаб қилди

Гулнора Каримова. cnews.ru сайти фотосурати

28 сентябрь куни Швейцария Бош прокуратураси Гулнора Каримова ва унинг шерикларига қарши айблов хулосасини ушбу мамлакат Федерал жиноят судига юборди. Ҳужжатда тергов ишларига кўра, Ўзбекистон биринчи президентининг қизи томонидан жиноий йўл билан топилган 440 миллион франк (480 миллион доллар)ни мусодара қилиш талаби бор. Бу ҳақда назорат органи матбуот хизмати хабарида айтилади.

Прокуратура терговчиларининг қайд этишича, янги иш икки гумонланувчи – Каримова ва Россия телекоммуникация компаниясининг Ўзбекистондаги филиали собиқ бош директорига тегишли. (Тадбиркорнинг исми-шарифи ёки бош ҳарфлари келтирилмаган, лекин бу лавозимни Беҳзод Аҳмедов эгаллаган). Уларга Швейцария Жиноят кодексининг бир қанча моддалари бўйича айблов қўйилган:

✔️ жиноий гуруҳда иштирок этиш;

✔️ пул ювиш;

✔️ пора олиш;

✔️ ҳужжатларни қалбакилаштириш.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, Каримова 2001—2013 йиллари ўнлаб одамлар ва бир неча компанияларни ўз ичига олган «Офис» деб номланувчи жиноий ташкилотга раҳбарлик қилган. 2005 йилдан буён гуруҳ Швейцарияда ишлай бошлаган – бу ерда ўзбекистонлик аёл ва унинг шериклари мамлакат банкларининг ҳисоб рақамлари ва сейфларида ноқонуний йўл билан орттирилган капитални сақлашган. Бундан ташқари, кўчмас мулк сотиб олиш орқали пул ювилган.

«Офис» бизнес тузилмаси ва уюшган жиноий гуруҳнинг комбинацияси бўлган. Ташкилот ўз юридик шахслари орқали қонуний фаолият олиб борган, бироқ зўравонлик ва қўрқитиш усулларини ҳам қўллаган.

Швейцария терговида Каримовага алоқадор юзлаб компаниялар коррупцион пулларни ювиш механизмининг шаффофлигини ниқоблаш учун яратилгани ҳақида сўз юритилади.

Уюшган жиноий гуруҳ республиканинг телекоммуникация соҳасига ихтисослашган, бу соҳа жуда фойдали ҳисобланаган. Шундай қилиб, хорижий компаниялар Ўзбекистон бозорига кириш учун «Офис»га пора беришга мажбур бўлишган. Айблов хулосасида таъкидланганидек, Гулнора Каримова президентнинг қизи ва давлат арбоби мақомига эга бўлиб, бу унга бошқа амалдорларга «чексиз таъсир» қилиш имконини берган.

Каримованинг кўплаб банк ҳисоблари эгалари жиноий шахслар бўлишига қарамай, терговчилар тадбиркор аёлнинг нақд пул ва кўчмас мулк шаклида 780 миллион швейцария франкига тенг активлари борлигини аниқлашган. Ушбу маблағларнинг 340 миллиони аллақачон Ўзбекистонга қайтариш мақсадида мусодара қилингани боис, Швейцария Бош прокуратураси қолган маблағларни ҳибсга олишни талаб қилган.

Шу билан бирга, департамент маълумотларига кўра, пулнинг бир қисми иккинчи айбланувчи – Россия телекоммуникация компанияси филиалининг собиқ бош директори ҳисобларида сақланади. Айтганча, айнан унинг тергови уни ўзбек бизнесида коррупция схемаларини ишлаб чиққан ва қўллаган «Офис»нинг асосий аъзоси деб атайди.

Прокурорлар, шунингдек, Lombard Odier & Cie SA хусусий банкининг собиқ раҳбарияти молиявий операциялар ва пул ювишда етарлича эҳтиёткорлик билан ишламаганликда гумон қилинаётганини айтган. Аммо бу иш бўйича тергов ҳали ҳам давом этмоқда.

ℹ️ Ислом Каримовнинг тўнғич қизи ва унга алоқадор компаниялар фаолиятини текшириш Европа давлатларида 2012 йилда бошланган. Жиноий схема TeliaSonera, Vimpelcom, Alfa Telecom, МТС каби хорижий телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига кириши эвазига катта миқдордаги пулларни ноқонуний равишда олиш билан боғлиқ эди. Кейинчалик бу маблағлар чет элда, асосан Швейцарияда ювилган.

2013 йили Ўзбекистонда Каримовага қарши ўғирлик ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик бўйича иккита жиноий иш очилган. Биринчи ҳолатда, 2015 йили у беш йилга озодликни чеклаш, иккинчи ҳолатда, 2017 йили 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган, аммо кейин жазо беш йиллик озодликни чеклаш билан алмаштирилган.

2020 йил март ойида Каримованинг жиноий гуруҳ ташкил этиш, товламачилик ва бошқа жиноятларда айбланиши билан боғлиқ учинчи жиноий иш доирасида унга яна 13 йил қамоқ жазоси берилган. Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Тошкент вилоятидаги колонияда жазо муддатини ўтамоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди