ЕИ Эрон дронлари учун бутловчи қисмлар Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали реэкспорт қилинаётганидан хавотирда

russiapost.su сайти фотосурати

Европа комиссияси Ўзбекистон ва Қозоғистон каби давлатларга дронларни яратишда фойдаланиладиган бутловчи қисмлар экспортини тўхтатиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда The Guardian хабар беради.

Еврокомиссиянинг изоҳлари Украина ҳукуматининг Россия, Эрон ва Сурияда учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқаришда Ғарб технологияларидан фойдаланаётгани батафсил баён этилган 47 саҳифалик ҳужжатининг сизиб чиқиши ортидан юзага келди. Унда Shahed-131 ва 136 дронларида топилган компонентларни ишлаб чиқарувчи бешта Европа компанияси аниқланган: ёнилғи элементлари, транзисторлар, қувватни бошқариш схемалари ва микропроцессорлар.

Ҳужжатда таркибий қисмлари аниқланган Ғарб компаниялари томонидан қонунбузарлик ҳолатлари бўйича айбловлар мавжуд эмас. Таъкидланишича, эронликлар ёмон назорат қилинадиган ёки умуман назорат қилинмайдиган тайёр компонентлардан фойдаланмоқдалар.

Таъкидланишича, божхона маълумотларига кўра, «Эронга деярли барча импорт Туркия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Вьетнам ва Коста-Рикадан келган».

Еврокомиссия вакилининг таъкидлашича, компонентлар мазкур мамлакатлар орқали етказиб берилаётгани ҳақидаги далиллар санкциялар «ўз мақсадларига жиддий босим ўтказаётганини» кўрсатади, аммо Европа Иттифоқига аъзо давлатлар санкцияларнинг янада қатъий бажарилишини таъминлаши керак.

«Бу Европа Иттифоқининг экспортчисидан ЕИ томонидан санкцияланган товарларни реэкспорт қилувчи хорижий операторларни диққат билан кузатиб боришни англатади. Биз Европа Иттифоқидан импорт қилинадиган товарлар Россияга тушмаслигини таъминлаш учун учинчи давлат ҳукуматларидан ёрдам сўрадик. Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича элчиси Дэвид О'Салливан санкцияларимизни четлаб ўтмаслик учун учинчи давлат расмийлари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда», — деди Еврокомиссия вакили.

Унинг қўшимча қилишича, баъзи ҳолларда бу дипломатик саъй-ҳаракатлар етарли бўлмаслиги ёки уларни амалга ошириш учун шунчаки хоҳиш бўлмаслиги мумкин.

«Агар барчаси иш бермаса, қолган ягона вариант — бу учинчи мамлакатларга бизни энг кўп ташвишлантираётган ўзига хос товарларни экспорт қилишни тўхтатишдир», — деди Европа Комиссияси.

ℹ️ Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари илк бор 2014 йили жорий қилинган ва шундан сўнг йилига икки марта — январь ва июль ойларида олти ойга узайтирилган. 2022 йил 24 февралдан бошлаб, РФ Украинада махсус ҳарбий операция бошланганини эълон қилганидан сўнг, ушбу режим доирасида Россияга қарши 11 та чора-тадбирлар пакети жорий этилди. Хусусан, санкциялар экспорт чекловларини назарда тутади. Бироқ, оммавий ахборот воситалари ёзганидек, Россияга етказиб бериш тақиқланган товарлар бу мамлакатга МДҲдаги қўшнилари орқали кириб келмоқда. Ўз навбатида, ушбу давлатлар расмийлари Россия Федерациясига Ғарб санкцияларини четлаб ўтишда ёрдам бериш ниятида эмаслигини бир неча бор таъкидлашган.

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди

  • Ўзбекистонда болалар тарбиясида куч ишлатишни қонун билан тақиқлаш таклиф қилинди

  • Ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидаги навбат ҳайдовчилар ўртасида ур-тўполонга сабаб бўлди

  • Тошкент бутунлай тутундан бўғилиб қолмаслиги учун ҳукумат қандай чоралар кўрмоқчилиги ҳақида