Бишкекда судланган чечен фаоли суд залидан озод этилди

Мансур Мовлаев озод этилганидан сўнг. Видеодан кадр

Октябрь ойида олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган россиялик Мансур Мовлаев суд залидан озод этилди. Бу ҳақда адвокат Бахит Автандилга асосланиб, «Азаттик» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг қирғиз хизмати) хабар берди.

20 ноябрь куни Бишкек шаҳар суди мажлиси бўлиб ўтди. Адвокатнинг сўзларига кўра, озод этиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин ҳеч ким Мовлаевга яқинлашмаган ва уни тўхтатмаган.

«Олти ойлик қамоқ муддати тугади, шунинг учун у озодликка чиқди. Энди у озод. Уни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор ўз кучида қолган», — дейди адвокат.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, жазо муддати 20 августдан — Иссиқкўл вилоятида фуқаролик фаоли ҳибсга олинган кундан бошланган. Бунда тергов ҳибсхонасида бир кун сақлаш муддати икки суткалик озодликдан маҳрум этилиш жазосига тенглаштирилади.

Суд мажлисида прокурор судядан Мовлаевга максимал икки йиллик қамоқ жазосини тайинлашни сўраган, деб ёзади Kloop.kg. Адвокат биринчи инстанция – Первомайский туман суди ҳукмини бекор қилишни, Мансуровга қочқин мақомини беришни ва уни мамлакатдан чиқариб юбормасликни сўраган.

Мовлаев ҳимояси шаҳар судининг ҳукми устидан Олий судга шикоят қилмоқчи.

ℹ️ 28 ёшли Мансур Мовлаев Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни кескин танқид қилгани билан танилган. 2020 йили Мовлаев Россия Федерацияси Жиноят кодексининг наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши учун жавобгарликни назарда тутувчи 228-моддасига асосан уч йилга озодликдан маҳрум этилган. Чечен мухолифатчиларига кўра, бу иш уйдирма бўлган. 2022 йили у шартли равишда озод қилинган, аммо тез орада ўғирлаб кетилган ва Чеченистон полиция бўлимларидан бирига олиб келинган. Мовлаев ҳужжатсиз қочиб, Қирғизистонга етиб олишга муваффақ бўлган. Россия ҳукумати уни федерал қидирувга берган.

Мовлаев Қирғизистон ҳукумати томонидан ҳибсга олингани шу йилнинг август ойи охирида маълум бўлди. Сентябрь ойида фаол Қирғизистон ҳукуматига қочқин мақомини беришларини сўраб мурожаат қилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Мовлаевнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар берар экан, фаолни «радикал мафкура тарафдори, Суриядаги халқаро террористик ташкилотларнинг эмиссарлари кўрсатмаси билан Қирғизистон Республикаси ҳудудида муқаддам судланган террор издошларининг яширин гуруҳига мансуб бўлган»ини таъкидлаган.

Первомайский туман судида бўлиб ўтган йиғилишда Мовлаев икки йилга озодликдан маҳрум этилишларини ва депортация қилмасликларини сўраган, зеро фаолнинг сўзларига кўра, уни ватанида қийноқлар кутмоқда.

«Менга икки йиллик қамоқ жазосини беришларини сўрайман. Мен ушбу моддада кўзда тутилган максимал жазони ўташга тайёрман. Мен ҳаётимни сақлаб қолиш учун бу ерда камида ўн йил қамоқда ўтиришга тайёрман», — деган Мовлаев октабрдаги суд мажлисидаги сўнгги сўзида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?