Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасайиши туфайли метан газ қуйиш шохобчалари фаолияти чекланди

Daryo.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда метан ёқилғи қуйиш шохобчаларининг иш вақти чекланди. Бу «аҳолини узлуксиз режимда табиий газ билан таъминлаш мақсадида» амалга оширилди, деб хабар беради мамлакат Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Вазирлик ҳаво ҳароратининг пасайиши туфайли республика аҳолисининг табиий газга бўлган талаби ошганини таъкидлайди. Бу, ўз навбатида, аҳоли томонидан ушбу турдаги ёқилғи истеъмоли ҳажмининг ошиши ва газ босимининг сезиларли даражада пасайишига олиб келган. Бу ҳолат 16 декабргача кузатилади.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида вақтинчалик чеклов жорий этилди.

«Шундан келиб чиқиб, аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида метан заправкалари ишлаш вақтини чеклаш чоралари кўрилмоқда. Режага мувофиқ, метан заправкалари соат 6:00 дан соат 15:00 га қадар ишлайди», — дейилади вазирлик хабарида.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида вақтинчалик чеклов жорий этилди.

Ноябрь ойи охирида тегишли идоралар Ўзбекистон энергетика тизимининг қиш мавсумига тўлиқ тайёрлиги ҳақида маълумот берди, Президент Шавкат Мирзиёев мазкур тармоқ барча зарур – хомашё, материаллар, асбоб-ускуналар билан таъминланганини таъкидлади. «Энди соҳа раҳбарлари масъулиятни тўлиқ зиммасига олиб, аниқ режа қилиши ва энергия етказиб беришни кафолатли таъминлаши зарур», — деди у.

ℹ️ Ўзбекистонда 2022 йил 6 декабрдан кескин совуқ тушиши ва қор ёғишидан сўнг уйлар ва бошқа биноларни иссиқлик билан таъминлаш ортидан мамлакатда газ ва электр энергияси истеъмоли кескин ошиб кетди. Республика энергетика тизими истеъмол ҳажмларига бардош бера олмади, аҳолининг норозилиги кучайганди. Бир неча энергетика корхоналари раҳбарлари ҳибсга олинди, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбай Раматовга эса қиш мавсумига тайёргарлик кўрмагани учун танбеҳ берилди. Ўзбекистон ҳукумати газ экспортини бутунлай тўхтатиб, энергия ресурсларини импорт қила бошлади.

Бу йил, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудовнинг сўзларига кўра, қиш бошига келиб ҳукумат газ ва мазут заҳираларини оширган.

«Ўтган йилнинг 22 ноябрь ҳолатига ИЭСларимизда 46 минг тонна мазут захирамиз бўлган бўлса, ҳозирги кунда 340 минг тоннадан ортиқ захирамиз бор. Яъни мазут захираси қилинди, кафолатланган газ захираси яратилди. Ўтган йили ерости газ сақлаш омборларидан кўпи билан 18 миллион куб метр газ олишимиз мумкин эди, бугун эса янги қурилма — компрессор станцияси туфайли 40 миллион куб метргача газ олишимиз мумкин», — деди Энергетика вазири.

1 декабрдан Ўзбекистон энергетика тизими кечаю кундуз ишлашга ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди