Қирғизистон ва Тожикистон компаниялари АҚШ санкциялар рўйхатига киритилди

АҚШ Молия вазирлиги. molva33.ru сайти фотосурати

АҚШ Молия вазирлиги ва Давлат департаменти Россияга Украинадаги можарони давом эттириш учун фойдаланиладиган ускуналар ва ресурслар етказиб бериш билан боғлиқ жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар рўйхатини кенгайтирди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлигининг расмий сайти хабар берди.

Шундай қилиб, Америка Молия вазирлиги Россия ҳарбий-саноат базасини таъминловчи 150 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга, Давлат департаменти эса 100 дан ортиқ юридик ва жисмоний шахсларга, шу жумладан Россиянинг Украина ҳудудидаги можарони давом этишида ва келажакда Россия энергиясини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни қўллаб-қувватлашда учинчи давлатлар орқали санкциялардан бўйин товлаётганларга нисбатан санкциялар қўллади.

«Кремль доимий равишда Россияни уруш даври иқтисодиётига айлантирмоқда, бироқ Путиннинг уруш машинаси фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳисобига яшай олмайди. Бугунги санкцияларимиз Россияга ўзининг ҳарбий саноат базасини қуриш ва қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган ресурсларни етказиб берувчи учинчи давлатлардаги таминловчилар ва тармоқлар устидан назоратни кучайтиришда давом этмоқда», — дея хабарда АҚШ Молия вазири Жанет Л. Йеллен сўзлари келтирилади.

Янги санкциялар рўйхатига Россия, Хитой, БАА, Туркия, Сингапур, Малдив ороллари ва Кипр вакиллари билан бир қаторда Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари ҳам киритилган.

Шундай қилиб, Қирғизистондаги Weitmann Handeln Allianz (Weitmann) компания хорижий мижозлар, шу жумладан россияликлар учун таъминот, логистика ва божхона расмийлаштируви учун хизматларни тақдим этувчи ҳисобланади. Хусусан, компания Россияга маълумотларни автоматик қайта ишловчи компьютерлар ва дискларни сақлаш қурилмаларининг юзлаб партияларини жўнатган.

Тожикистоннинг «Кафолати комил» компанияси Россияга БАА орқали хорижда ишлаб чиқарилган авиация эҳтиёт қисмларини жўнатгани учун санкцияларга учради.