Игорь Черевченко Тожикистоннинг «Истиқлол» клубида фаолиятини давом эттириши мумкин

Игорь Черевченко. fc-istiklol.tj сайти фотосурати

Игорь Черевченко Тожикистонга қайтиб, «Истиқлол» билан ҳамкорликни давом эттириши мумкин. Бу ҳақда «Фарғона»га вазиятдан хабардор манба маълум қилди.

Манбага кўра, «Истиқлол»нинг таклифи Черевченко учун мавжуд таклифлар ичида энг жозибадори бўлган. Айни пайтда мутахассисга Россиянинг бир нечта жамоаларини бошқариш таклиф қилинган ва Игорь Геннадиевичнинг ўзи унинг Европа ва Осиёда ишлаш имкониятлари борлигини айтиб ўтган.

«Истиқлол» вице-президенти Муҳсин Муҳаммадиев «Фарғона» билан суҳбатда Игорь Черевченко билан ҳамкорликни давом эттириш имкониятини истисно этмади.

Эслатиб ўтамиз, Черевченко ўтган йил бошида «Истиқлол»ни бошқарган ва мавсум охиригача ишлаганди. Душанбе клуби бошчилигида мутахассис чемпионлик ва мамлакат кубогини қўлга киритган, Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида эса бирорта уй учрашувида мағлуб бўлмаган, гарчи гуруҳдаги рақиблари Қатар ва Эрон чемпионлари шунингдек, Осиёнинг энг юлдузли клубларидан бири бўлган Саудиянинг «Ал-Наср» клуби бўлсада. Черевченко декабрь ойи ўрталарида шартнома муддати тугагач жамоани тарк этганди.

Қизиғи шундаки, Тожикистон терма жамоаси ва хорватиялик мутахассис Петар Сегрт ўртасидаги келишув яқин кунларда якунига етади. Хорижлик мутахассис билан шартнома узайтирилмаслиги ва жамоани маҳаллий мураббий қабул қилиб олиши эҳтимоли бор. Бу Игорь Черевченко бўлиши мумкинми ёки йўқ, ҳозирча номаълум.

ℹ️ Игорь Черевченко – Тожикистон футбол мактаби битирувчиси ҳисобланади. Футболчилик фаолиятини Душанбенинг «ЦСКА-Помир» клубида бошлаган, у ерда икки мавсум (1992 йилдан 1994 йилгача) ўтказиб, чемпион ва мамлакат кубоги ғолибига айланган. 1995 йили у Россияга кўчиб ўтган ва Калуга вилоятининг «Интустрия» жамоасида ўйнай бошлади. 1996 йилдан 2001 йилгача у Москванинг «Локомотив» жамоасида тўп сурган, у билан тўрт марта Россия кубогини қўлга киритган ва уч марта чемпионатда кумуш медални қўлга киритган. 2002 йили Москванинг «Торпедо» ва «Владикавказ Алания» клубларида ўйнаган. Худди шу йили у футболчилик фаолиятини якунлади. Тожикистон терма жамоаси сафида 8 та ўйин ўтказган.

2008 йилдан 2016 йилгача Черевченко Москванинг «Локомотив» клубида турли мураббийлик лавозимларида ишлаган. 2017 йили у Калининграднинг «Балтика» клубини бошқарган, 2018 йили «Арсенал»ни қабул қилиб, жамоа билан олтинчи ўринни эгаллаган ва Европа лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган. У 2020 йилнинг ёзида жамоани тарк этиб, «Химки»ни бошқарган. Ушбу клуб билан шартнома 2021 йилнинг кузида бекор қилинган, бироқ бир ойдан кейин Черевченкони ортга чақиришган ва у «Химки»да 2022 йилнинг февралигача ишлади. 2023 йилнинг январь ойидан буён «Истиқлол»га устозлик қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди