Туркия полицияси Azon.uz сайти асосчисини депортация марказидан озод қилди

Мубашшир Аҳмад. anhor.uz сайти фотосурати

Турк полицияси ўтган йил сўнггидан буён «Бинкилич» депортация марказида ушлаб турилган Мубашшир Аҳмад таҳаллуси билан машҳур Алишер Турсуновни озод қилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги матбуот хизмати хабар берди.

Бош конулликка кўра, Турсунов ўз оиласига қайтган.

Мубашшир Аҳмад деярли икки ой давомида Исталбул вилоятининг Чаталжа туманида жойлашган депортация марказида бўлган.

Azon.uz сайтининг асосчиси Мубашшир Аҳмаднинг ҳибсга олиниши шу йилнинг январь ойида хабар қилинганди. Унинг ҳамкасблари Туркия полицияси 2023 йил 28 декабрида ўзбекистонликни ҳибсга олганини ёзгандилар. Таҳририят воқеани «тушунмовчилик» деб атаган. Ўшанда журналистлар Турсунов тергов изоляторига қамалмагани сабаб, уни ватанига жўнатиш таҳдиди борлигини таҳмин қилишганди. Бироқ, Турсуновнинг нимада гумон қилингани ҳанузгача номаълум.

ℹ️ Мубашшир Аҳмад Наманганда туғилган. Тошкент ислом институти ва Миср Ал-Азҳар университетини тамомлаган. «Ўзбекистон мусулмонлари» ва «Fikrat» журналлари таҳририятларида, «Ислом нури» газетасида ишлаган, Тошкент ислом институтида дарс берган. Бир муддат Ўзбекистон мусулмонлари идораси котибияти бошлиғи ёрдамчиси бўлиб ишлаган, бироқ 2018 йил апрель ойида у лавозимидан озод этилган.

2017 йили Мубашшир Аҳмад томонидан асос солинган Azon.uz ахборот-таҳлилий портали ислом динига оид янгиликлар ва мақолаларни чоп этишга ихтисослашган. Нашрнинг айрим материаллари расмийлар томонидан танқидга учраган. 2021 йили Тошкент суди Azon.uz нинг тўрт нафар ходимини, мониторинг қилувчи расмийларга кўра, Ўзбекистоннинг айрим давлатлар билан муносабатларига путур етказиши мумкин бўлган диний материалларни тарқатгани учун жаримага тортган. 2023 йил август ойида Azon медиа гуруҳи барча лойиҳаларини тўхтатган. Ноябрь ойида Azon Global портали ишга туширилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил муз майдончаси очилди

  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Ўзбекистонликлар интернетда президентни ҳақоратламагани маъқул — бунинг учун қамоқ жазосини олиши мумкин

  • Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон маданий меросига оид янги китобларни тақдим этди