Россия ТИВ Туркманистон фуқароларига визалар бериш тўхтатилиши мумкинлигига доир хабарни рад этди

mid.ru сайти фотосурати

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Ашхобод билан Туркманистон фуқароларига виза беришни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб борилаётгани ҳақидаги маълумотни рад этди ва мустақил ОАВларни сохта хабар тарқатиш ва миллий адоватни қўзғатишда айблади. Бу ҳақда РФ ТИВ расмий сайтида берилган баёнотда сўз юритилади.

Баёнотда айтилишича, 4 апрель куни аноним манбаларга таянган ҳолда «мустақил ахборот ресурси» ҳисобланмиш «Хроники Туркменистана» нашрида Туркманистон фуқароларига Россия визалари берилиши тўхтатилиши мумкинлигига доир хабар «ёлғон маълумот»дир.

Turkmen News ахборот сайти ҳам ҳамкасблари маълумотларига таяниб, агар бундай музокаралар ўтказилаётган бўлса, бу Туркманистон томонининг ташаббуси билан содир бўлаётгани ва Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» даги терактдан фойдаланиб туркман томони миграция оқимини тўхтатмоқчи бўлаётганига доир тахмини билан зарбага учради.

Мазкур янгиликлар портали Россия ТИВ томонидан «Нидерландияда рўйхатга олинган, Россияда номақбул деб тан олинган «Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази» билан яқин алоқада бўлган, АҚШ Давлат департаменти, Форин-офис, Франция ТИВ, USAID ва бошқалар томонидан молиялаштириладиган» тузилма сифатида тавсифланади.

«Дастхат таниш: «аноним манбалар» маълумотлари ниқоби остида «мустақил ОАВ» тармоғи ёрдамида Россиянинг дўст давлатлар билан муносабатларига путур етказиш мақсадида атайлаб ёлғон тезислар тарқатилмоқда (бу ҳолда, Туркманистон билан). Ва буларнинг барчаси дўстона бўлмаган мамлакатлар томонидан 2024 йил 22 март куни «Крокус Сити Холл»да содир этилган даҳшатли террорчилик ҳужуми фонида Россия Федерациясида этник адоватни қўзғатиш мақсадида кенг мувофиқлаштирилган кампанияси доирасида амалга оширилмоқда», — дейилади Россия ТИВ хабарида.

Вазирлик афсус билан ушбу маълумотга таянган «Россиянинг энг йирик онлайн нашрларидан бири»ни эслатиб ўтади ва кейинчалик ушбу нашр тегишли янгиликни ўчириб ташлаганини ёзади.

Мустақил нашрлар томонидан эълон қилинган маълумотларнинг фейк эканини тасдиқлаш учун ТИВ талаба визаларини расмийлаштириш бўйича статистик маълумотларни келтиради.

«Сўнгги икки ҳафта ичида Россиянинг Туркманистондаги элчихонаси консуллик бўлими томонидан 2024 йил апрель ҳолатига кўра 566 та тегишли виза берилган, биргина ушбу тоифадаги визалар учун 1000 дан ортиқ одам қабул қилинган ва мазкур ишларнинг тўхтатилиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», — дейилади баёнотда.

Туркманистон фуқаролари орасида талабгир бўлган бошқа тоифадаги визалар, жумладан, меҳнат визаси ҳақида маълумот берилмаган.

Таъкидлаш жоиз, Россия ТИВ томонидан Туркманистон фуқароларига виза берилишининг тўхтатилиши янгилик эмас. Аввали бундай жараён икки йилга – 2020 йил мартидан 2022 йил мартигача тўхтатилган. Гуманитар мақсадда ташриф буюрувчи фуқаролар бундан мустасно бўлган. 2023 йил ёзида Россиянинг Ашхободдаги элчихонаси туркманистонлик талабалар учун виза берилиши соддалаштирилганини хабар қилинганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ