Тожикистон Туркия фуқаролари учун виза режимини жорий қилди

Тожикистон ТИВ биноси. tj.sputniknews сайти фотосурати

Тожикистон ҳукумати Туркия фуқаролари учун виза режимини жорий этишга қарор қилди. Бу ҳақда Марказий Осиё республикасининг Ташқи ишлар вазирлигига асосланиб, «Ховар» ахборот агентлиги хабар берди.

Виза режими 2024 йил 20 апрелдан бошлаб Туркия хорижий паспортлари эгаларига нисбатан «ўзаро тамойилни амалга ошириш мақсадида» қўлланилади.

Қайд этилишича, Туркия фуқаролари Тожикистон визасини республиканинг хориждаги элчихоналари ва консулликларида олишлари мумкин. Визалар қайси муддатга ва қандай шартларда берилиши айтилмаган.

Расмий Душанбенинг мазкур қарори апрель ойи бошида Туркия ҳукуматининг Тожикистон фуқароларига нисбатан визасиз режимни бекор қилганига кўзгу жавобидир. Бироқ, Анқаранинг бундай ҳаракатлари сабабларига ойдинлик киритилмаган.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, Туркия 2022 йил кузида Туркманистон фуқаролари учун визасиз режимни – ушбу давлат расмийларининг илтимосига биноан бекор қилганди.

ℹ️ Аввалроқ Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл»да теракт содир этишда айбланаётганлардан икки нафари — тожикистонлик Фаридун Шамсидин ва Саидакрам Рачабализода ҳужумдан аввал қисқа муддатга Москвадан Туркияга учиб боргани хабар қилинганди. Reuters агентлигининг Туркия хавфсизлик тузилмаларидаги манбасига кўра, ушбу парвоз террорчилик фаолияти билан боғлиқ эмас, балки уларнинг Россияда яшаш муддатини узайтириш ниятида бўлган.

Москва вилоятидаги терактдан сўнг Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган ИШИД* тарафдорларига қарши бир неча рейдлар ўтказган. Қўлга олинганлар орасида 37 ёшли Тожикистон фуқароси ҳам бор, у терактга тайёргарлик кўрганликда гумонланиб ҳибсга олинган.

Эслатиб ўтамиз, шу йил январь ойида Истанбулдаги католик черковларидан бирида икки қуролли шахс ўт очиб, бир кишини ўлдирган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Тожикистон ва Россия фуқаролари қўлга олинган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди