Қирғизистон ҳукумати юк машинаси уриб кетиши оқибатида жабрланган мактаб ўқувчиларининг оилаларига товон пули тўлайди

Алимқодир Бейшеналиев жабланган болалардан хабар олмоқда. Қирғизистон ССВ матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон ҳукумати Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида юк машинаси уриб кетиши оқибатида жабрланган мактаб ўқувчиларининг оилаларига президент жамғармасидан маблағ ажратади. Бу ҳақда давлат раҳбари администрациясига таяниб, Kaktus.Media хабар берди.

Расмийларга кўра, реанимациядаги болаларнинг ота-оналарига 200 минг сўм (2255 доллар) тўланади. Ҳодиса қурбонларининг қолган оилалари 50 минг сўмдан (564 доллар) олади.

Шу билан бирга, 3 май куни эрталаб Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги фавқулодда вазият пайтида жароҳатланганлар сони ортгани ҳақида хабар берди. Агар дастлаб 29 қурбон ҳақида маълум бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 34 тага етган. Уларнинг орасида юк машинаси тўқнашуви вақтида ўтовда ўз болалари билан бўлган 1988 йили туғилган ўқитувчи ҳам бор.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Алимқодир Бейшеналиев беморларнинг аҳволи ҳақида батафсил маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, тўрт нафари Сузоқ туман касалхонасида: уларга мия чайқалиши ташхиси қўйилган, яна бир боланинг оёқ суяги синган.

«4 нафари Октябрский умумий врачлик пунктида, 11 нафар жабрланганлар Жалолобод болалар клиник шифохонасида ва бир нафари катталар вилоят касалхонасида. Беш нафар бола реанимацияда, иккитасида жигар ва талоқ ёрилиб кетган; Улар ҳушига келишган ва гапиришяпти. Оғир аҳволда бўлган уч нафари боланинг кўрсаткичлари барқарор», — деди вазирлик раҳбари.

Бейшеналиевнинг қўшимча қилишича, жароҳатланган ўқувчиларидан бири бош суяги жарроҳлигидан ўтказилади, шу сабабли нейрохирурглар ва бошқа мутахассислар тегишли консилиум ўтказишмоқда.

Ички ишлар вазирлиги, ўз навбатида, мини юк машинасини қаровсиз қолдирган 48 яшар ҳайдовчи қўлга олиниб, вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилганини маълум қилди. Мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 312-моддаси («Йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш») билан иш қўзғатилган.

«Манас» танлови чоғида бахтсиз ҳодиса юз бергани сабаб, 3 май куни Қирғизистон Таълим вазирлиги ушбу мусобақани мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказишни бекор қилди.

Бир қатор оммавий ахборот воситаларида ёзилишича, Сузоқ тумани таълим бўлими мудири вақтинчалик лавозимидан четлаштирилган. Полиция унинг фавқулодда вазиятга алоқадорлигини текширмоқда, агар айби аниқланса, мансабдор шахс жавобгарликка тортилади.

ℹ️ Бир кун аввал Сузоқ туманида «Манас» достонини оммавий ўқишга бағишланган тадбир чоғида ҳайдовчисиз қолган Hyundai Porter русумли юк машинаси тепаликдан пастга қараб юриб кетган ва мусобақа иштирокчилари бўлган ўтовни бостириб кетган. Ўтовда 9 ёшдан 16 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари бўлган. Улардан етти нафари реанимацияга ётқизилгани, тўрт нафар боланинг аҳволи шифокорлар томонидан оғир деб баҳолангани маълум қилинди.

Мудхиш воқеадан сўнг ҳайдовчи ўқувчилар учун музқаймоқ олиб келганини, бироқ уни қаерга етказиб беришни аниқлаш учун мактаб директорига қўнғироқ қилиш мақсадида кабинадан тушганидан сўнг машинаси ҳаракатлана бошлаганини тушунтирган. У буни жуда кеч пайқаб қолган ва юк машинасини қувлаб етолмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ