Россия ТИВ: «Россия хавфсизликни таъминлашда Марказий Осиё давлатларининг ягона ҳамкоридир»

Михаили Галузин нутқи. bashinform.ru сайти фотосурати

Уфада бўлиб ўтган «Валдай» халқаро мунозара клубининг IV Марказий Осиё конференциясида РФ Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Россияни хавфсизликни таъминлашда Марказий Осиё республикаларининг беқиёс ҳамкори, «жамоавий Ғарб»ни эса душман ва можаролар манбаи, деб атади. Бу ҳақда «АиФ» нашри хабар беради.

Галузиннинг фикрича, Россия ва Марказий Осиё табиий иттифоқчилар, шунингдек, умумий ташқи таҳдидларга эга.

«Минтақада, Тожикистон ва Қирғизистонда Россия ҳарбий базаларининг мавжудлиги, яқин ҳарбий-техник ҳамкорлигимиз, давлат чегараларини қўриқлаш бўйича ўзаро ҳамкорлигимиз, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва марказий хизматларнинг наркотик моддалар савдоси ва уюшган жиноятчиликка қарши курашда биргаликдаги фаолияти – буларнинг барчаси россияни барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда Марказий Осиё давлатларининг амалда муқобилсиз ҳамкорига айлантиради», — деди Галузин.

Шу билан бирга, Россия ТИВ раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, Ғарб «минтақани қўлга киритиш ва уни Россия хавфсизлигига таҳдидлар солувчи майдонга айлантириш борасида уринишларидан воз кечмаяпти».

«АҚШ ва НАТО минтақада қўшма машғулотлар ўтказишни ва бу ерда ўз ҳарбий инфратузилмасини жойлаштиришга уринишларини тўхтатмаяпти, улар давлат чегараларини ҳимоя қилиш, терроризм ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашда қатъий ёрдам қўлини чўзишмоқда. Ишончим комилки, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарияти «коллектив Ғарб» сиёсати қандай хавф-хатарлар туғдиришини аниқ тушунади ва унга қарши курашади. Душманларимизнинг стратегик ҳисоб-китоби аниқ — Россия ва Марказий Осиё республикалари ўртасида низо келтириб чиқаришдир», — дейди Галузин.

Қозоғистон-Германия университетининг Халқаро ва минтақавий ҳамкорлик илмий-тадқиқот институти директори Булат Султонов ижтимоий тармоқларда, интернетнинг ҳам қозоқ, ҳам рус сегментларида бир-бирини «ўзаро ишончсизлик»да айблаш тез-тез учраб тураётганини таъкидлайди.

«Жумладан, бир нечта мавзулар ўйналмоқда – гўёки Россиянинг Шимолий Қозоғистонга бостириб кириши муқаррар экани, қурол-яроғ, хусусан, Қозоғистон жанговар самолётларининг Украинага етказиб бераётгани. Россия ўлкасини атайин сув бостириш учун Қозоғистондан сув оқими йўналтираётгани ва бунинг акси. Фейклар бўлиб келган, мавжуд ва бундан кейин ҳам бўлади, лекин биз энг юқори даражада ўзаро яхши тушунишга эгамиз, зеро Россия ва «коллектив Ғарб», «жамоавий Ғарб» ва «глобал жануб» ўртасида қарама-қаршилик мавжуд. Россия ва Хитой ўртасида жойлашган Қозоғистондан бу каби иғволар ва мафкуравий тўқнашувлар учун фойдаланишга уринадилар», — деди Султонов.

Тожикистон Миллий фанлар академиясининг Осиё ва Европа муаммоларини ўрганиш институти директори Рустам Ҳайдаров дунёда жамоавий Ғарб ҳукмронлиги барҳам топаётганига ишонч билдиради.

«Инсониятнинг аксарияти бундан нолимайди. Ҳозирда ҳар бир миллий маданият дунёда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаш имкониятига эга. Марказий Осиё давлатлари шунга интилмоқда. Мен минтақамиз, Россия ва Марказий Осиё хавфсизлигини биргаликда, бутун кўриб чиқиш керак, деб ҳисоблайман. Фақат мулоқот ва бир-биримизни ҳурмат қилиш орқали биз муносабатларни мустаҳкамлашимиз ва келажакни қуришимиз мумкин. Бу масалада эса маданиятларимиз бир бўлаги бўлмиш рус тили муҳим аҳамиятга эга», — деди Ҳайдаров.

«Аппликата» (Қирғизистон) стратегик ечимлар маркази ижрочи директори Кубатбек Раҳимов ҳам «Марказий Осиё омилини рус цивилизациясидан ажратиб бўлмайди», деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, Халқаро Вивекананда фонди (Ҳиндистон) тадқиқотчиси Правеш Кушар Гупта Марказий Осиё Россиянинг таъсир доирасига киради, деган тушунча ёлғон эканига ишонч билдиради.

«Менимча, Россия ва Марказий Осиё ўзаро манфаатлар билан боғланган. Марказий Осиёнинг аксарият давлатлари Россияда ишлаётган фуқароларининг пул ўтказмаларига боғланиб қолган. Масалан, Қирғизистон иқтисодиётининг 32 фоизи ана шундай пул ўтказмаларига боғлиқ. Тожикистон ва Ўзбекистонда ҳам худди шундай рақамлар мавжуд. Бу давлатларнинг асосий таҳдид манбаларидан бири бўлган Афғонистонга яқинлигини ҳам қайд этган бўлардим. Интеграция жараёнлари жуда тез кетмоқда ва ўйлайманки, келажакда ҳамкорликнинг янада кўпроқ элементлари пайдо бўлади», — деди Гупта.

Форум доирасида сиёсатдан ташқари, мамлакатлар ўртасидаги иқтисодиёт, миграция ва маданий ҳамкорлик масалалари, иқлим ўзгариши муаммоси ва Марказий Осиё мамлакатлари аҳолисининг сув таъминотидаги муаммолари муҳокама қилинди.

«Валдай» халқаро мунозара клуби 2004 йили ташкил этилган. Унинг биринчи тадбири Великий Новгородда бўлиб ўтган (Валдай кўли яқинида, шунинг учун клуб унинг номи билан аталган). У фаолият юритган йиллар давомида унинг тадбирларида 71 мамлакатдан мингдан ортиқ халқаро илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?