Тожикистонда сеҳр-жоду ва фолбинлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилди

krilyatv.ru сайти фотосурати

Тожикистон Жиноят кодексига сеҳр-жоду ва фолбинлик учун модда киритилди. Бу ҳақда мамлакат парламентининг расмий нашри «Садои мардум» хабар берди.

Хабарда айтилишича, янги 240-модда («Сеҳр-жоду ва фолбинлик билан шуғулланиш») бўйича шахс жиноий жавобгарлик шахс худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазога тортилганидан сўнг бир йил ичида яна бу каби ишга қўл урса юзага келади. Бироқ, ушбу моддада қандай жазо назарда тутилгани айтилмаган.

Матнда, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шунга ўхшаш моддани қайта кўриб чиқилиши ҳақида сўз боради: энди жарима миқдори оширилган ва муқобил жазо сифатида маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган. Шу билан бирга, депутатлар жарима миқдори ёки қамоқ муддатига ойдинлик киритишмаган.

«Азия-Плюс»нинг аниқлик киритишича, аввалроқ жодугарлик учун маъмурий модда бўйича жарима ҳисоб кўрсатгичининг 40 дан 50 бараваригача – 2880 дан 3600 сомонийгача (264 доллардан 330 долларгача) бўлган. Йил давомида қоидабузарликлар такрорланган тақдирда жарима миқдори ҳисоб кўрсатгичининг 60-100 бараваригача – 4320 дан 7200 сомонийгача (396 доллардан 660 долларгача) оширилган.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Жиноят кодексининг 2023 йил ноябридан бошлаб 240-моддаси бошқа «Козино, ўйин столлари ва пул ютуқли автомат ўйинларини ташкил этиш ёки уларга хизмат кўрсатиш» номини олган.

Тожикистон ҳукумати бу йил сеҳр-жоду ва фолбинликка қарши ҳақиқий курашни бошлади. Апрель ойида Республика Ички ишлар вазирлиги табиблар ва сеҳргарлар 6 ойгача мажбурий меҳнатга жалб этилишини маълум қилди.

Бунинг сабабини ҳуқуқ-тартибот идоралари «баъзи хурофотга берилган одамларнинг онги пастлиги ва бундан ноинсоф кимсаларнинг фойдаланиб қолиши» билан изоҳлайди. Шу сабаб, Тожикистонда фирибгарлар тузоғига тушаётган одамлар сони ортиб бормоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?