Январь воқеалари чоғида тўрт яшар қизалоқнинг ўлимига доир суд ҳукми қайта кўриб чиқилади

Олмаотада 2022 йил январь ойидаги тартибсизликлар. tengrinews.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Олий суди январь ойида Олмаотадаги тартибсизликлар чоғида тўрт ёшли қизалоқ Айкоркем Мелдеханнинг ўлими бўйича шов-шувли иш бўйича ҳукмни бекор қилди ва материалларни янги суд муҳокамасига юборди, деб ёзади Tengrinews.kz.

Ушбу қарор сабабларига доир бирорта маълумот берилмаган, иш махфий тарзда кўриб чиқилган.

Айбланувчи ҳарбий хизматчи Арман Жуман бўлиб, у қизалоқ ўтирган машинага ўқ узишни буюрган. Воқеа 2022 йил 7 январида, Олмаотада фавқулодда ҳолат жорий этилган пайтда юз берган. Ҳарбийлар Сейфуллин ва Сатпаев кўчалари чорраҳасида катталар ва тўрт нафар бола билан келаётган автомобилга қарата ўқ узган. Натижада Айкоркем вафот этган, 2006 йили туғилган яна бир қиз эса бешта ўқдан жароҳат олган, унинг соғлиғига оғир шикаст етказилган.

2023 йил 15 ноябрда Олмаота шаҳар биринчи инстанция суди судланувчининг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқ, деб топиб, мазкур иш бўйича оқлов ҳукмини чиқарган. Бош ҳарбий прокуратура протест киритган ва иш кўриб чиқилган. 2024 йил март ойида Арман Жуман Қозоғистон Ҳарбий суди жиноий ишлар бўйича судлов ҳайъати қарори билан етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Суд 2022 йил 7 январда ҳарбий хизматчи назорат-ўтказиш пунктига яқинлашиб келаётган автомобилга қарата ўқ узиш тўғрисида «ноқонуний» буйруқ берганини исботланган, деб ҳисоблаган. Бироқ, бу қарор устидан ҳам шикоят аризаси киритилган.

2022 йил январь ойи бошида Қозоғистонда газ нархининг икки баравар ошиши фонида норозилик намойишлари бошланган ва бу оммавий тартибсизликларга айланиб кетган. Шундан сўнг президент Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш бўлганини эълон қилди ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашади, 19 январда мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинади. Ғалаёнлар натижасида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатида 238 кишининг исми-шарифи кўрсатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?