Киевда қозоқ мухолифатининг «Бәсе» телеканали муаллифи ҳаётига суиқасд уюштирилди

Айдос ва Наталья Содиқовлар. vlast.kz сайти фотосурати

Киевда мухолифатчи қозоқ журналисти ва «Бәсе» канали муаллифи Айдос Содиқов ҳаётига суиқасд уюштирилди. Бу ҳақда унинг рафиқаси Наталья Содиқова Facebookдаги (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) саҳифасида хабар берди.

Украина Бош прокуратураси маълумотига кўра, Содиқов касалхонада оғир аҳволда.

«Дастлабки маълумотларга кўра, номаълум шахс тўппонча билан жабрланувчи ва унинг рафиқаси бўлган машинага югуриб келиб, эркакка қарата ўқ узган, сўнгра ғойиб бўлган», — дейилади назорат маҳкамаси Телеграм-каналида. Ҳодиса Киевнинг Шевченковский туманида, эр-хотин яшайдиган уйдан унча узоқ бўлмаган жойда содир бўлган.

Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳужумчининг шахсини аниқламоқда. Киев шаҳар прокуратураси одам ўлдиришга суиқасд бўйича дастлабки терговни бошлаган.

Айдос ва Наталья Содиқовлар 2014 йилдан бери Украинада яшайдилар, иккаласи ҳам қочқин мақомига эга. Содиқовлар ўзларининг YouTubeдаги «Бәсе» каналида Қозоғистон ҳукуматини танқид қилувчи видеоларни жойлаштиришган. 2023 йили Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари уларни ижтимоий, миллий ёки диний адоват қўзғатишда айблаб, қидирувга берган.

Бир миллиондан ортиқ обуначига эга «Бәсе» каналидаги сўнгги видео бугун пайдо бўлди. Унда президент Қосим-Жомарт Тўқаев «Россия таъсири остидаги қўғирчоқ» деб аталган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?