Тожикистон президенти «бегона кийимлар»ни кийишни ва «идгардак» одатини тақиқловчи қонунларни имзолади

ДУШАНБЕДАГИ САВДО МАРКАЗИ. «АЗИЯ-ПЛЮС» ФОТОСУРАТИ

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон мусулмонлар байрамларида болаларни етаклаб олиб тиланчилик қилишни ўз ичига олувчи «идгардак» одати ва «бегона кийимлар»ни кийишни тақиқловчи қонунларни имзолади. Бу ҳақда 20 июнь куни давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Тақиқлар «Тожикистон Республикасида байрам ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган. Шу куни Раҳмон бундан ташқари яна 34 та ҳужжатни имзолади. «Боланинг таълим ва тарбияси учун жавобгарлик тўғрисида»ги қонун шулар жумласидандир.

Ушбу қонунлар:

👉 «миллий маданият қадриятларини ҳимоя қилишга,

👉 байрам ва маросимлар билан боғлиқ хурофотга қарши кураш, ортиқча дахмаза ва исрофгарчиликнинг олдини олишга,

👉 Тожикистон халқининг маънавияти ва ижтимоий-иқтисодий даражасини оширишга,

👉 бола ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, болани инсонпарварлик, ватанпарварлик ғурури, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

«Азия-плюс» таъкидлашича, расмийлар қандай кийим бегона ҳисобланишини ҳали расман тушунтиришмаган. Эмомали Раҳмон чиқишларидан келиб чиқадиган бўлсак, гап биринчи навбатда диний либослар ҳақида кетмоқда.

«Кийинишда ёт маданиятга тақлид қилиш, яъни сатр ва ҳижоб дея аталмиш кийимларга бурканиш жамиятимиздаги долзарб муаммолардан биридир. Одоб ва кийим-кечакда бегона унсурларга юз тутиш — тафаккур мустақиллигига, миллатнинг ўзлигига путур етказувчи маданий бегоналашувдир», — деганди Раҳмон шу йилнинг март ойида Тожикистон фаоллари, жамоатчилик вакиллари ва диний арбоблар билан учрашувда.

ℹ️ Бир неча йилдан буён мамлакатда ҳижоб кийиш тақиқланган. 2015 йили Душанбе шаҳрининг ўша пайтдаги мэри Маҳмадсаид Убайдуллоев шаҳардаги барча савдо нуқталарида тожикларнинг урф-одатларига ёт кийим-кечакларни олиб ташлашни буюрган эди. 2017 йили Тожикистон парламенти қуйи палатаси фуқароларга миллий кийимда бўлиш мажбуриятини юклаганди. Ҳижоб ва сатр кийган аёлларнинг кўплаб давлат ва ижтимоий муассасаларга, жумладан, шифохоналар, мактаблар ва Никоҳ саройларига кириши тақиқланган.

2018 йили Тожикистон Маданият вазирлиги кийим-кечак бўйича маслаҳат қўлланмасини ишлаб чиққан. «Қизлар ва аёлларга қора кийим, қора рўмол, сатр ва ҳижоб, ярим яланғоч европача либослар, мини юбка, декольте, устки юбка, танани очиқ кўрсатувчи юпқа либослар кийиш, шунингдек, жамоат жойларида калишларда, шлёпкаларда, ички кийимларда, тунги кўйлакларда, тор шимларда ва синтетик матолардан тайёрланган кийимлар, соғлиқ учун зарарли бўлган кийимларда юриш тавсия этилмайди», — дейилади қўлланмада.

Шу йилнинг март ойида Тожикистонда миллий қадриятларни ҳисобга олган ҳолда аёллар ва эркаклар учун миллий либослар лойиҳалари ишлаб чиқилаётгани хабар қилинганди. Бу билан Маданият вазирлиги ҳузуридаги ишчи гуруҳ шуғулланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Марказий Осиё мамлакатларида аёллар эркинлиги ва хавфсизлиги қай аҳволда?

  • Марказий Осиёлик мигрантларни оммавий равишда ҳаттоки масжидларда ҳам фронтга «таклиф» қила бошлашди

  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ