Қозоғистонда пуллик йўллар кўпаяди ва улардан фойдаланиш 20 фоизга қимматлашади

kolesa.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда пуллик автомобиль йўллари бўйича тарифларни уларга техник хизмат кўрсатиш учун сарфланадиган маблағларни қоплаш мақсадида 20 фоизга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда ҳукумат йиғилишида транспорт вазири Марат Карабаев маълум қилди, деб ёзади Kursiv.kz.

«Қозоғистонда пуллик йўллар учун тарифлар бошқа давлатлар: Россия, Беларусь, Туркия, Хитой, Польшага нисбатан анча паст. Шу муносабат билан техник хизмат кўрсатиш харажатларини тўлиқ қоплаш учун амалдаги тарифни 20 фоизга ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда», — дея вазир сўзларини келтиради нашр.

Шу билан бирга, маҳаллий ҳайдовчиларга имтиёзлар берилади. Тарифларнинг асосий юки эса мамлакат ҳудудидан ўтувчи транзит транспорт воситалари зиммасига тушади.

Вазирнинг сўзларига кўра, Қозоғистондаги пуллик йўлларнинг умумий узунлиги ҳозирда 3,2 минг километрни ташкил этади. 2023 йили улардан 30 миллиард тенге (62 миллион доллардан ортиқ) ундирилган. Маблағлар йўлларга хизмат кўрсатиш, режали таъмирлаш ва янги техника харид қилиш учун йўналтирилган.

Жорий йили узунлиги 2 минг километрдан ортиқ бўлган 11 участкада босқичма-босқич тўлов жорий этиш режалаштирилган.

Гап, хусусан, Қизилўрда — Орол, Ақтўбе — Оренбург, Қўстанай — Троитск, Қарағанда ва Тараз айланма йўллари, Балхаш — Бурилбайтал ва бошқа йўналишлар ҳақида кетмоқда.

Умуман олганда, республика аҳамиятига эга 25 минг км йўлни таъмирлаш учун ҳар йили 80 миллиард тенге (166 миллион доллар) керак бўлади. Шу боис, пуллик йўлларни жорий этиш бўйича ишлар бюджетни енгиллаштиришда давом этади, деб ёзади Kolesa.kz нашри. Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Қозоғистонда «пулли йўллар»дан фойдаланиш тарифлари минимал ҳисоб кўрсатгичига (2024 йили 3692 тенге (тахминан 8 доллар)) боғланган ва у автомобиль тоифасига ва унинг босиб ўтган масофасига боғлиқ.