Ўзбекистон ДХХ раҳбари толибларга терроризмга қарши курашда ёрдам беришни таклиф қилди

ШҲТнинг МАТТ конференцияси. uza.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари Абдусалом Азизов Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* ҳаракатига «Ислом давлати»нинг афғон бўлими, «ИШИД Хуросон», «Вилоят Хуросон», ISIS-K номи билан ҳам машҳур гуруҳига (бу ташкилотлар РФ ва бошқа кўплаб мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган) қарши курашда ёрдам беришни таклиф қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

«Афғонистон ҳукумати ўз имкониятлари ва ресурсларидан келиб чиқиб, халқаро терроризмга қарши курашмоқда, афғон махсус хизмати «Вилоят Хуросон»га қарши курашда «етакчилик» қилиб, муайян натижаларга эришмоқда. Шу нуқтаи назардан, афғон шерикларни бу муаммо билан ёлғиз қолдириш мумкин эмас, душманни бўлинмас хавфсизлик тамойилига асосланиб, биргаликда енгиш керак», — деди Азизов Тошкентда ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) конференциясида.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан толиблар ҳукумати расман тан олинмаган, гарчи радикал ҳаракати вакиллари қўшни давлатдаги турли тадбирларда иштирок этиб келаётган бўлсада.

ДХХ раҳбарининг сўзларига кўра, ШҲТ ва МДҲ маконида кечаётган мураккаб ва қарама-қарши ҳарбий-сиёсий жараёнлар мамлакатлардан халқаро терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашда саъй-ҳаракатлар ва мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни бирлаштиришни талаб этади. Жумладан, Азизовнинг фикрича, Афғонистонга «Вилоят Хуросон»га қарши курашда ёрдам бериш ниҳоятда муҳим, чунки қарши чораларнинг заифлашиши гуруҳнинг кучайишига олиб келади ва бу ўз навбатида бутун минтақа хавфсизлигига таҳдид солади.

The New York Times нашрининг ёзишича, ИШИДнинг афғон бўлими 2015 йил январида пайдо бўлган. Бу пайтда асосий террорчи гуруҳ Ироқ ва Суриянинг улкан ҳудудларини назорат қилган. Шундай қилиб, ташкилот турли мамлакатларда ўз филиалларининг пайдо бўлишини молиялаштириши мумкин эди. 2014 йил октабрь ойида «Толибон» радикал ҳаракати қўмондонларидан бири мулла Абдул-Рауф Ализа Ироқдаги гуруҳ вакиллари билан учрашган. Бунга параллел равишда ИШИД Покистоннинг «Теҳрик-и-Толибон» террор ташкилоти* билан алоқа ўрнатган.

Натижада, 2015 йил бошида Ализа бошчилигидаги покистонлик ва афғон жангарилари Ироқ-Сурия ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийга содиқ бўлишга қасамёд қилганликларига оид видео пайдо бўлган. Гуруҳ ўзини «Вилоят Хуросон» деб эълон қилган. Маълумки, Хуросон — ҳозирги Эрон, Афғонистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудининг бир қисмини эгаллаган минтақанинг тарихий номидир. Гуруҳ аъзолари мунтазам равишда турли мамлакатлардаги терактлар учун жавобгарликни ўз зиммаларига оладилар. Сўнгги йилларда улар томонидан Эрон, Туркия ва Россияда («Крокус Сити Холл») терактлар уюштирилган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди