Ҳарбий хизмат рўйхатидан ўтмаган «янги россияликлар» фуқароликдан маҳрум қилинади

apostil24.ru сайти фотосурати

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги военкомат идораларидан яқин орада Россия паспортини олган, бироқ ҳарбий хизмат рўйхатидан ўтмаган шахслар ҳақида маълумотлар сўраган. Бундай одамлар фуқароликдан маҳрум қилинади, деб ёзади ИИВ раҳбари ёрдамчиси Ирина Волк ўзининг Telegram-каналида.

Унинг аниқлик киритишича, шу тарзда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган жорий йил 8 августда қабул қилинган 281-ФЗ-сонли Федерал қонун, шунингдек, «Россия Федерацияси фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддаси қоидаларини амалга оширишга киришган. Ушбу қоидалар РФ фуқаролигини олган, бироқ ҳарбий хизмат рўйхатидан ўтмаган шахсларнинг фуқаролиги тугатилишини назарда тутади, деб эслатади Волк.

Бундан ташқари, ИИВ вакили 2024 йилнинг саккиз ойида 1117 киши Россия фуқаролигидан маҳрум қилинганига оид статистик маълумотларни келтирган. Уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли шундай қарор қабул қилинган.

The Moscow Times нашри турли Telegram-каналларига таяниб ёзгишича, ҳарбий терговчилар рўйхатдан ўтмаган «янги россияликлар»ни аниқлаш бўйича рейдларни бошлаган. Жумладан, Барнаул гарнизонида, Мурманск вилоятининг Гаджиевский гарнизонида ва Ставропол ўлкасининг Буденновский гарнизонида шундай тадбирлар ўтказилгани маълум. Шунга ўхшаш текширувлар Екатеринбургда ҳам бўлиб ўтган.

ℹ️ Президент Владимир Путин 8 август куни миграция қоидаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга кўра, Россия фуқаролигини олган, бироқ ҳарбий хизмат рўйхатидан ўтишни хоҳламаган шахслар фуқароликдан маҳрум қилинади.

Қонунга кўра, фуқароликка қабул қилинган россияликлар икки ҳафта ичида яшаш жойида военкомат рўйхатидан ўтиши лозим. Ҳарбий гувоҳномасиз бундай фуқаролар қонуний иш топа олмайдилар.

Жорий йил июнь ойида Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин Россия Федерациясидаги мигрантлар сони МҲО (махсус ҳарбий операция) га жўнатиш орқали камайтирилаётганини «топқирлик» деб атади.

««Топқирлик» нимадан иборат эди? Биз Конституциямиз ва қонунларимизда фуқароликни олган шахслар ҳарбий хизмат рўйхатидан ўтиши, зарур ҳолларда махсус ҳарбий операцияда қатнашиши кераклиги тўғрисидаги қоидаларини ҳаётга татбиқ эта бошладик», — деди мулозим.

Тергов қўмитаси раҳбарининг сўзларига кўра, Россияда фуқароликни олган, аммо ҳарбий хизмат рўйхатидан ўтишни истамаган 30 мингдан ортиқ хорижлик «қўлга тушган». Улар рўйхатга олинган ва 10 мингга яқини махсус ҳарбий операция зонасига жўнатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди