Қозоғистонлик мактаб ўқувчилари заҳарланган ошхонадан дизентерия ва стафилококклар топилди

lada.kz сайти фотосурати

Бесшоки қишлоғида (Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида жойлашган) ўқувчиларнинг оммавий заҳарланишига мактаб ошхонаси ходимлари айбдор бўлган. Вилоят санитария-эпидемиология назорати бошқармаси мутахассислари томонидан ўтказилган режадан ташқари текширув натижалари шундан далолат берди, деб ёзади Lada.kz.

Хабарда айтилишича, ошхонада санитария қоидалари қўпол бузилгани аниқланган. Жумладан, лаборатория тайёрланган таомлар (картошка пюреси, парранда котлетлари, соус ва компот) да патоген бактериялар мавжудлиги аниқлаган. Олинган намуналарнинг 20 фоизида ичак бактериялари топилган. Ошхонанинг олти нафар ходими, жумладан, битта тиббиёт ходими ва бир нафар якка тартибдаги тадбиркорда стафилококклар борлиги аниқланган.

Бундан ташқари, ошхонада ишлайдиган идиш-товоқ ювувчи аёл дизентерия бактерияси манбаи экани маълум бўлган. Айнан шу ходим озиқ-овқат тарқатувчи бўлиб ишлаган.

Шахсий тиббий карталари текширилганда, 4 нафар ошхона ходими сохта тиббий кўрикдан ўтгани аниқланган, мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси ва вилоят ички ишлар бошқармасига хат юборилган.

7-13 сентябрь кунлари Мангистау вилояти Мунайлин тумани Бесшоки қишлоғидаги 8-мактаб ўқувчиларининг оммавий заҳарлангани қайд этилган. Ҳаммаси бўлиб 460 нафар бола жабрланган, уларнинг 80 дан ортиғи касалхонага жойлаштирилган, иккитаси реанимацияга ётқизилган (кейинчалик болаларнинг аҳволи яхшиланган ва улар оддий палатага ўтказилган).

Оммавий заҳарланиш факти бўйича Қозоғистон Жиноят кодексининг 304-моддаси «Санитария қоидалари ёки гигиена меъёрларини бузиш» моддасининг 1-қисми билан иш очилган. Республика ҳукумати ушбу ҳодисани ўз назоратига олган.