Эрон ҳукумати Афғонистон билан чегарада 10 километрлик девор қурди

Эрон-афғон чегарасидаги девор. ariananews.af сайти фотосурати

Эрон ҳукумати Афғонистон билан чегарада узунлиги 10 км дан ортиқ девор қурилишини якунлади ва яна 50 км узунликдаги девор қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Эрон армиясининг қуруқликдаги қўшинлари қўмондони ўринбосари, бригада генерали Нозар Неъматий маълум қилди, деб ёзади Tehran Times.

Аввалроқ Эрон давлат чегарасининг ушбу қисмида узунлиги 295 км ва баландлиги тўрт метр бўлган девор қуриш ниятида экани хабар қилинганди.

Неъматийнинг таъкидлашича, чегаранинг ёпилиши хавфсизликни яхшилайди ва контрабанданинг олдини олади, бу эса мамлакат иқтисодий ўсишига ва чегара ўтиш жойларини самарали бошқаришга ёрдам беради.

«Афғонистон билан чегаранинг шимолий қисмида чегарани тўсиш бўйича ишлар бошланди, у ерда операцияни назорат қилиш учун махсус штаб ташкил этилган. Ушбу тизимли ёндашув армия қуруқликдаги кучларининг салмоқли иштирокида амалга оширилмоқда», — деди генерал.

Неъматийнинг сўзларига кўра, девор қурилишида тўртта жанговар муҳандислар гуруҳи ва 14 та муҳандислик бўлинмаси, шунингдек, мамлакатнинг турли ҳудудларидан бир нечта жанговар роталар иштирок этмоқда.

«Бешта устахона девор қурилишида фаол иштирок этмоқда ва Эрон армияси қуруқликдаги кучларининг юзлаб муҳандислик техникаси чегарани мустаҳкамлаш лойиҳасини ўз вақтида якунлаш учун узлуксиз ишламоқда», — дея қўшимча қилди Неъматий.

ℹ️ Эрон-Афғонистон чегарасининг узунлиги 900 км дан ошади. Эрон дунёдаги энг кўп афғон қочқинлари яшайдиган давлатлардан бири ҳисобланади. Афғонистонлик муҳожирлар оқими 2021 йил августида Кобулда «Толибон»* ҳокимият тепасига келганидан сўнг кўпайган. Теҳрон афғон қочқинлари сони бўйича расмий рақамларни ошкор этмайди, бироқ депутат Аболфазл Торобий мамлакатда «олти-етти миллион» афғон борлигини тахмин қилади.

Dawn нашрининг Эроннинг IRNA расмий ахборот агентлигига таяниб хабар беришича, афғонлар Эрондаги чет эл фуқароларининг 90 фоиздан ортиғини ташкил қилади, уларнинг аксарияти шахсни тасдиқловчи ҳужжатларга эга эмас. Эрон ҳукумати ноқонуний қочқинларга босимни кучайтирган ва тез-тез уларнинг бутун гуруҳлари депортация қилинаётганини эълон қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди